Ассалому алайкум. Охун деган одам ким эди? Муқаддас Каломда бу одам ҳақида нималар ёзилган? Унинг ҳаёти ва қилмишидан нималарни ўрганишимиз мумкин? Бу каби саволларга суҳбатимиз давомида жавоб оламиз. Охун Ëқубнинг ўғли Яхудо қабиласидан ва унинг Тамарадан кўрган ўғли Зерах уруғидан эди. Охун аслида Карми деган кишининг ўғли бўлган, бироқ Муқаддас Калом Охун ҳақида гапирганида бир неча марта уни «Зимрининг невараси» деб атайди. Агар ҳозирги кун нуқтаи-назаридан қарайдиган бўлсак, кексароқ кишилар ўзидан анча ёш бўлган бирор бир киши ҳақида гапирмоқчи бўлсалар, «Фалончининг ўғли ёки невараси», дея изоҳлашади. Ундан ташқари маҳалла орасида яхшилиги ёки ёмонлиги билан ном чиқарган кишини ҳам «Фалончи ёки фалончининг ўғли» дея гапиришади.
Шунга кўра Зимри исроил халқи орасида кўзга кўринган оқсоқоллардан бири бўлган бўлиши керак. Ёшуа 7 боб 1 оят Охунни шундай тушунтиради: «Охун Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси, Кармининг ўғли эди. Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланди.» Нега Худо исроил халқидан қаттиқ ғазабланди? Улар нима гуноҳ қилган эдилар? Суҳбатимизнинг давомини эшитинг.
Исроил халқи Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Эгамиз айтганидай, Ерихо шаҳрини босиб олишди. Унинг ичидаги ҳамма нарса аҳолиси билан Худога бағишланиб йўқ қилиниши керак эди. Худо бундай қилишни аввалдан амр этган эди. Улар фақатгина Раҳоба ва унинг уйидагиларни омон қолдиришди ҳолос. Қолганлар эса бойликлари билан бирга йўқ қилинди.
Йўқ қилинишдан олдин Яҳудо халқни огоҳлантирди: «Сизлар эса Эгамизга бағишланган нарсаларнинг ҳеч бирига яқинлашманг, яна ўша нарсаларни олиб, ўзингиз ҳам ҳалок бўлманг. Исроил халқининг қароргоҳига кулфат келтирманг, қароргоҳ вайрон бўлмасин» (Яҳудо 6:16-17). Исроил халқи эндигина Ерихога кириб келган, бундан кейин Ериходан қарийиб 24 км ғарбда жойлашган Байтил шаҳри яқинидаги Ай шаҳрига ҳужум қилишни режалаштиришаётган эди. Яҳудо жўнатган айғоқчилар Ай шаҳрининг аҳолиси унчалик кўп эмаслигини, исроил халқидан уч мингта одам бориб, бемалол енгса бўлишини айтиб маслаҳат беришди. Аммо бу жангда Айликларнинг қўли баланд келди. Нега ундай бўлди? Нега шунча катта шаҳарни қўлган киритишга ёрдам берган Худо энди аҳолиси кам бўлган бир шаҳарни енгишларига ёрдам бермади?
Бунинг сабаби бор эди. Исроил халқи ўз Худосидан ва йўлбошчисидан қатъий амр олганига қарамасдан, уларнинг орасидан бир киши Худонинг амрига қарши чиқди. Худога аталган олтин-у-кумушлардан ўғирлади. Бу ўшанинг жазоси эди. Худо Яҳудога шундай дейди: «Исроил халқи гуноҳ қилди, улар билан қилган аҳдимни бузди. Улар Менга бағишланган нарсалардан ўғирлаб олишди. Бунинг устига алдаб, ўғирланган нарсаларни ўзларининг нарсалари орасига яшириб қўйдилар. Шунинг учун Исроил халқи душманларига бас келолмайди.» (Яҳудо 7:10-12) Худо ҳеч қачон бекордан-бекорга Исроил халқини жазоламаган, бекордан – бекорга бошқа халқлар қўлига топшириб қўймаган. Буларнинг барига уларнинг итоатсизлиги сабаб бўлган. Охун Худога итоатсизлик қилган кишилардан бири эди. Охуннинг ҳаёти ҳақида кейинги суҳатимизда давом эттирамиз. Унгача бошқа шахслар ҳақидаги маълумотларни бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиздан топишингиз мумкин.