MP3

«Шакам шаҳридаги чўриси ҳам Гидўнга бир ўғил туғиб берди. Гидўн унга Абумалек, деб исм қўйди.» (Ҳакамлар 8:31)

Ассалому алайкум. Ҳозиргина эшитганингиздай, Абумалек Исроил ҳакамларидан бири Гидўннинг чўрисидан туғилган ўғли эди. У қандай одам эди? Каломда у ҳақида ёзилганларига қараб, унинг айёр ва худбин шахс бўлганини билишимиз мумкин. Гидўн ўлгач, унинг етмишта ўғли Шакамга ҳакамлик қила бошлади. Бу нарса табиийки, Абумалекка ёқмаган. Унинг онаси шакамлик эди-да. Асли шакамлик бўлган одам бўла туриб, Шакамга ҳакамлик қила олмаслик унинг ғашини келтирган бўлса керак. Бундай одамлар ҳақида кино кўрганман-у, аммо уларга дуч келмаганман. Бойлик-шуҳрат ва амални деб ўз оиласидан воз кечган, уларга ҳиёнат қилганлар бугун бизнинг замонамизда ҳам учрайди. Абумалек ҳам шундайлардан бири бўлган.

Шунинг учун ҳам у Шакам шаҳрига – тоғаларининг олдига бориб, барча уруғ-аймоқларига шундай деди: — Шакам бекларининг ҳузурига боринглар, уларга: «Устингиздан Гидўннинг етмишда ўғли ҳукмронлик қиганидан кўра, биттаси ҳукмронлик қилгани яхши эмасми», деб айтинглар. Мен сизларнинг жигарингиз эканимни ҳам эсларингдан чиқарманглар. Тоғалари эса Абумалекнинг манфаатини кўзлаб у айтгандай қилдилар. Шакам беклари ҳам бунга рози бўлиб, Гидўннинг ўғилларини ўлдиртириш учун Абумалекка пул беришди. Абумалек эса бу пулга одам ёллаб Ўрфага — отасининг уйига бориб, етмишда ўгай ака-укасини катта бир тош устида қатл қилдирди. Аммо Гидўннинг кенжа ўғли Йўтом бекиниб, тирик қолди. Абумалек эса Шакамдаги муқаддас эман дарахтининг олдига бориб, тахтга ўтирди. Беклар эса унга садоқатини билдирди.

Йўтом эса буни эшитиб, Гаризм тоғининг тепасига чиқиб, Абумалек ва Шакам бекларини лаънатлади. У шундай дейди: «Гидўн хонадонига хиёнат қилганингиз учун Абумалекдан олов чиқиб, Шакам ва Байтмилло бекларини ямлаб юборсин. Шакам ва Байтмилло бекларидан ҳам олов чиқиб, Абумалекни куйдириб йўқ қилсин.»

Абумалек уч йил Исроилда ҳукмронлик қилди. Худо беклар билан Абумалек орасида низо чиқариш учун бир руҳ юборди. Йўтомнинг қарғиши амалга ошаётган эди. Шакам беклари Абумалекка хоинлик қилишди. Бундан хабар топган Абумалек ҳам лашкари билан келиб, уларга қарши жанг қилди. Ўша куни Шакам бекларининг кўплари ҳалок бўлди. Кейин эса Тавоз шаҳрига бориб, у ерни ҳам қўлга киритди. Халқ шаҳар қўрғонига кириб яширинганди.

Қўрғонга ўт қўймоқчи бўлиб турганида, тепадан бир аёл тегирмон тошини улоқтириб, Абумалекни чалажон қилиб қўйди. Абумалекни аёл киши ўлдирди демасликлари учун, қуролбардоридан уни ўлдиришини сўради. Қуролбардори ҳам унинг охирги илтимосини бажариб, Абумалекка қилич санчди. Худо Абумалек қилган ёмонликни ўзига қайтарди. Аммо афсуски бунинг учун баъзида анча вақт кетади. Биз ёмон одам қилган ишига яраша жазосини тезда олишини истаймиз, аммо Худо биз ўйлаганимиздай иш тутмайди. Унинг Ўз режалари бўлади. Сиз ҳам Худонинг ишлари ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб, улардан боҳабар бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top