Ассалому алайкум. Агар Эски Аҳднинг Шоҳлар китобини ўқиган бўлсангиз, унда ҳар бир шоҳнинг ҳаёти лўнда қилиб ёзилган. Худонинг халқи иккига Яҳудо ва Исроилга бўлинган кезларида ҳар икки давлатда ҳам яхши ва ёмон шоҳлар ҳукмронлик қилишган. Агар ёмон, аниқроғи Худонинг йўлидан юрмаган шоҳларнинг ҳаётини олиб қарасангиз, Худо уларни пайғамбарлар орқали лаънатлаганини ва шоҳлиги узоқ давом этмаганини кўрасиз. Худо ҳар бир шоҳдан ва энг муҳим халқидан Унга итоат қилишларини талаб қилади. Бу жуда муҳим эди. Бироқ Исроил ва Яҳудо халқи Худога бўйсунишдан кўра, ўзларига ёққан тарзда, турли бутларга ва ёт халқлар худоларига сиғинишни маъқул кўрган. Албатта қилган ишлари учун Худодан жазо олгач, эслари кириб, яна Худога юз бурган ва Унинг йўлида тўғри юрган пайтлари ҳам бўлган.
Исроил халқи тарихига назар солсангиз, у кўп марта Худодан юз ўгирганини, кўп марта жазоланганини, бироқ садоқатли Худо халқини ташлаб кетмаганини кўрасиз. Нега бу гапларни айтаётганимизни биласизми? Ҳар сафар Муқаддас Каломдан бир шахс ҳақида ўқиганимизда, албатта Худога ўша шахс учун ва Калом учун миннатдорчилик билдиришимиз керак. Чунки Худо ўша шахс орқали, бизни ҳам огоҳлантирмоқда. Унинг йўлида қандай юришни ўргатмоқда. Келинг энди суҳбатимизнинг асосий қаҳрамони Ëҳушафатнинг қандай шахс бўлгани ҳақида гаплашайлик. Ëҳушафат ким эди? У Яҳудо шоҳи Осонинг ўғли бўлишидан ташқари, отасидан кейин тахтга ўтирган шоҳ эди. У барча болалар каби, ёшлигида отасининг ишларини, ўзини тутишини кузатгани аниқ. У отасидан ўрнак олган. Калом ота-бола муносабати қандай бўлгани ҳақида гапирмайди, бироқ унинг тахтга чиққач қилган ишлари орқали, отасидан кўп яхши нарсаларни ўрганганини кўришимиз мумкин.
Отаси Осо халқ орасидаги бутпарастликка қарши чиқиб, кўп саждагоҳларни буздирган ва давлатидаги фаҳшбозларни қувиб юборган эди. Хўш Ëҳушафат қандай йўл тутди? У ҳам отаси каби Худонинг йўлида тўғри юришга, Унинг амрларига бўйсунишга ҳаракат қилди. Ëҳушафат тахтга чиққанида 35 ёшда бўлиб, халқни бошқаришга кучи, қудрати ва ақли етадиган даражада эди. Ундан ташқари туғилганидан то 35 киргунига қадар отасининг ёнида бўлган, унга кўмакдош бўлган киши учун бу нарса қийин эмас. Аммо унинг хатоси У отаси қилганидай саждагоҳлардаги фаҳшбозларни қувиб чиқарди-ю, саждагоҳларни бузиб ташламади. Шоҳ саждагоҳларни бузиб ташлаб, бутларга сажда қилишни маън этмагач, халқ нима ҳам қиларди. Халқ ҳамон ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатиб юраверди. Унинг бу хатоси халқнинг орасида бутпарастликнинг авж олишига сабаб бўлди.
Ëҳушафат Яҳудо тахтига 35 ёшида чиқди ва 25 йил ҳукмронлик қилди. У тахминан 55 ёшида оламдан ўтган. Каломда ёзилишича у «Офирдан олдин олиб келаман», деб денгизда савдо кемалари ясаган, аммо кема манзилга етиб бормай парчаланган. Балки у йўлда оламдан ўтгандир, буниси маълум эмас. Бироқ тахминимизча, Ëҳушафат Худонинг хоҳишига қарамай, йўлга тушган, агар бу борада ҳам Худога қулоқ солганида ва у билан маслаҳатлашганида, узоқроқ умр кўрган бўларди. Худо ҳаётимиз орқали сабоқ беришдан ташқари, мана шундай шахслар орқали ҳам сабоқ беради. Уларнинг ҳаёти ҳақида бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиздан боҳабар бўлишингиз мумкин.