3:09

Тинмай ибодат қилиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ибодат қилиш ҳар бир имонлининг кундалик одатига айланган. Ўтган сафарги суҳбатларимизда қайноқ руҳ билан ибодат қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашгандик. Кучли хоҳиш, Муқаддас Руҳ олови билан ибодат қилиш, сизни керакли натижага етаклайди. Аммо ибодат қилишнинг яна бир қоидаси бор-ки, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бирор нарса ҳақида ибодат қилар эканмиз, айтганимиздай, кучли хоҳиш, оловли руҳ билан илтижо қиламиз, аммо бир ҳафта, икки ҳафта, борингки бир ой ибодат қилгач, ичимиздаги ишонч, олов сўниб, илтижоларимизни тўхтатиб қўямиз. Бир сафар Худо ибодатимизни тезда жавоб берган бўлса, яна шундай жавоб беради, деб ўйлаймиз.

Худонинг жавоби кечикса, Худо мендан юз ўгирди, жавоб беришни истамаяпти, деб ҳафсаламиз пир бўлади. Худо ҳар доим турли йўллар билан ишлашини унутиб қўямиз. Бир сафар Худо илтижоларимизга тезда жавоб берган бўлса, бу сафар узоқ вақтда жавоб бериши мумкин. Баъзида бир ибодатимизга жавоб олиш учун йиллар керак бўлиши мумкин. Баъзида эса унчалик кўп эмас, ойлар етарли бўлади. Бир кун келиб ибодатимизга жавоб олганимиз ҳақида ўйлаб, ортимизга – яшаб ўтган йилларимизга қарасак, Худо қанчалик донолик ва ажойиб ишлаганини кўрамиз. Худо бизнинг бу ибодатимизга шу йиллар ичида аста секин жавоб бериб келганини кўрамиз. Бу жуда ажойиб. Бу биздан катта сабр-тоқатни, ишончни, безмай ибодат қилишни талаб қилган бўлса-да, Худонинг ибодатимизга берган жавоби шунга арзийди.

Нега Исо Масиҳ безмасдан ибодат қилиш ҳақида айтган? Бу шунчалик муҳиммиди? Албатта, бу нарса менга ўхшаган имонлилар учун жуда муҳим. Худо бизни жуда яхши билади. Сабрсиз эканимизни ҳам, Уни, унинг йўлларини тушунишимизга кўп вақт керак бўлишини ҳам биларди. Шунинг учун ҳам безмасдан ибодат қилиш ҳақида бир неча марга гапирган. Ëдингизда бўлса, бир сафар ибодат қилишда кучли хоҳиш ва довюраклик керак бўлади, деган эдик. Бу тўғри, аммо сиз истаган нарсангизга эришмагунингизча, тўхтамай, то овозингиз Худога етиб, жавоб олиб келгунча бўшашмай ўша қайноқ руҳда ибодат қилишда давом этинг. Ибодатга жавоб олишда, қайноқ руҳ билан ибодат қилиш қанчалик самарали бўлса, безмасдан ибодат қилиш ундан кам эмас.

Иброҳим пайғамбарнинг Садўм ва Ғамўра учун қилган ибодати ёдингиздами? У Худонинг ўзи билан музокара қилди. Худони Ўз фикридан қайтармоқчи бўлди ва бунга қисман эришди ҳам. То ўша ердаги солиҳлар ҳаётини сақлаб қолишга эришмагунча Худони кўндиришга ҳаракат қилди. Бунга қанча вақт кетганини билмаймиз, аммо шуниси маълумки, Иброҳим истаган нарсасига эришмагунча Худодан сўрашда давом этди. Ëқуб ҳам у билан курашган Зотнинг марҳаматига эришмагунча уни қўйиб юбормади. Ибтидо китобининг мана шу қисми менга жуда ёқади. Ўйлашимча, бугунги кун имолисига мана шундай қайсарлик ва тўхтамай ибодат қилиш етишмайди. Ибодатингизга жавоб олишда сизга нималар етишмаслигини билмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб, ўзингиз учун керакли ва қизиқарли маълумотларга эга бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top