3:27

Шайтоннинг ҳужум нуқтаси

MP3

Ассалому алайкум. Оила жуда ажойим муҳит. Худо бизларни ўзига фарзанд қилиб олганидаёқ, биз имонлилар Худонинг оиласи аъзоларига айланганмиз. Масиҳ билан Унинг жамоати бир оила кабидир. Худо бу дунёда оила мавзусига жуда кўп эътибор қаратса керак, деб ўйлайман. Чунки Худо имонли оиладан имонли фарзандлар ва солиҳ кишиларни тарбиялаши мумкин. Имонли ва Худонинг ҳузурида турадиган оила, шайтон учун энг хавфли душман саналади. Ибтидо китобининг учинчи бобида Худонинг шайтонга айтганлари ёдингиздами? «…Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни янчиб ташлайди,…» (Ибт 3:15). Шунинг учун ҳам шайтон ўз ишини оилага ёвузлик ва гуноҳ уруғини сепишдан бошлайди. Келинг шайтон ҳақида гаплашишдан олдин бир рамзий воқеани айтиб берай.

Қачонлардир бир китоб ўқигандим. Унда ёзилишича, Африкага келган имонли ўша ерда чайла тикиб яшайди. Ов қилиб қайтгач, чайла ичида каттагина питон турганини кўради. Аксига олиб, милтиғида биргина ўқ қолган эди. Имонли ўша охирги ўқ билан питонни нишонга олади. Питон жароҳатланади, бироқ ўлгунга қадар жуда узоқ вақт ўтди. Бу пайт орасида ичкаридан тарақ-туруқ овозлар келди. Охири чайла ичидаги шовқин тинди. Ўша киши ичкарига кирганда питон ерда ётар аммо ўлгунга қадар, ҳамма жойни вайрон қилиб бўлганди. Бундан у шундай ҳулосага келди. Шайтоннинг ҳам аллақачон боши янчилган, бироқ энди у ўладиган пайтгача, бу дунёдаги имонлиларнинг ҳаётини заҳарлашга, вайрон қилишга уринади. У жуда тўғри хулосага келган эди.

Аслида суҳбатимиз мавзусини «Гуноҳнинг оқибати» деб номласак ҳам бўларди. Аммо ҳар бир имонли гуноҳнинг оқибатлари ҳақида яхши боҳабар. Шундай бўлса ҳам гуноҳ қилишдан тўхтамайди. Шайтоннинг ҳужум нуқтаси бу оила. Шайтон Худонинг ваъдалари ва сўзлари ҳақида Худо ҳалқидан кўра яхшироқ билади. Бундан 4,000 йил олдин Худо Исроил халқига қарата шундай деган эди:

«Бу кун ер билан осмонни сизга қарши гувоҳликка чақираман. Сизни эса ўлим билан ҳаёт, барака ва лаънатлар ўртасига қўяман. Ўзингиз ва фарзандларингиз яшаши учун ҳаётни танланг». Афсуски, жуда кўп имонлилар бугунги кунда Худонинг қандайлигини, унинг қонунларини, каломини била туриб, ўлимни танлашмоқда. Ўлим рамзий маънода олинган бўлса, ҳам бу ўлим жисмоний ўлимдан кўра даҳшатлироқ ва оғриғи кучлироқ.

Оилада ота-оналар ўйламай, аҳмоқликлар қилиб қўяди. Бунинг натижасида оилада муҳит бузилади, муносабатлар бузилади. Ота-оналар қилган гуноҳи нафақат ўзларининг балки фарзандларининг ҳаётини ҳам бузишини жиддий ўйлаб кўрмайдилар. Спиртли ичимликлар ичиш, қимор, ўйнаш, порнографияга ружу қўйиш билан ўз келажагимизга ўзимиз болта ураётганимизни билмаймиз ёки билиб туриб гуноҳдан воз кечмаймиз. Бу гуоҳларимиз билан ўз танамизни булғаймиз, хорлаймиз. Худди эрта келмайдигандай, жуда тез ҳайдаймиз, жуда кўп ишлаймиз, пул сарфлаймиз. Бу хатоларимиз билан ташвишни сотиб оламиз. Худонинг қонунларини ўзимиз бузиб туриб, гуноҳимиз оқибати бошимизга тушганида, худди айбсиз кишидай: «Нега менинг бошимга бу нарсаларни солаяпсан?», — дея Худони сўроққа тутамиз. Ўшанда ўйламай, жавобгарликни ҳис қилмай қилган гуноҳларимизнинг оқибатини кўраётган бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top