3:13

Худонинг яхшилиги

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар сафар у ёки бу одамнинг ҳаёти ҳақида ўйлар эканмиз, Худо уларнинг ҳар бирининг ҳаётида жуда донолик билан ишлаганига амин бўламиз. Бугун орамизда яшайдиган бир кишининг ҳаёти ҳақида гувоҳлик беришдан олдин Муқаддас Каломдан бир нарсани ўқиб берсам: «Қуёш ботиб, кеч кирган пайтда, барча касаллар ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб кела бошлашди. … Исо талай дарду иллатлардан қийналганларни соғайтирди. Исо шогирдларига: — Яқин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу мақсад учун келганман, — деди.» (Марк 1:32-34, 38) Сизга маълумки, Исонинг даврида унинг ортидан эргашган оломоннинг ўз мақсади бор эди. Кимдир ҳасталигига шифо топиш учун, яна кимдир мўъжиза кўриш учун, бошқаси эса қорин тўйдириш мақсадида Унинг ортидан эргашган.

Бизнинг орамизда ҳам шундай одамлар топилади.

У бизнинг ётоқхонамизда яшарди. Ташқи томондан унинг қандай йигитлигини айтиб бўлмасди. Бир сафар жўралар билан ўтирганимизда, у ўзининг қандай имонга келганини кулиб ҳикоя қилиб берганди. Айтишича, у Исо Масиҳга овқат учун келган экан. Унинг гапини эшитиб ҳайрон бўлдик, у ҳеч ҳам ёлғон аралаштирмасдан, ҳижолат бўлмай шундай деди: «Бир куни севган қизимнинг хонасига бир киши кириб кетганини кўрдим. Ортидан борсам, севган қизим, дугонаси ва унинг укаси ўтиришган экан. Нотаниш киши жуда бошқача эди. Гап-сўзлари ҳам бошқаларникига ўхшамасди. У жуда мулойим, шу билан бирга гаплари ҳам маъноли эди. Ўша куни у мени кечки овқатга таклиф қилди.

Мен ўйлаб кўришимни айтдим, аммо ичимда нотаниш кишининг уйига бориб, нима қиламан деб ўйладим. Саломатлигим сабаб кўп марта дарс қолдириб, натижада стипендиядан маҳрум бўлган пайтларим эди. Севган қизимнинг олдига уч кунда бир кириб ўша ерда овқатланар, бошқа кунлари эса оч юрардим. Ҳадеб унинг хонасига кириб овқатланишга ғурурим йўл қўймасди. Ўша куни кечқурун нима бўлса-бўлар деб, ўша мулойим кишиникига бордим. У ҳам аёли ҳам мени жуда яхши кутиб олишди. Биз иккимиз узоқ гаплашдик. Ҳаётга бўлган қарашларимиз бутунлай бошқача экан. Ўша кун у менга ҳафтада бир марта учрашиб турайлик деди, мен ҳам рози бўлдим. Ҳар ҳолда стипендия оладиган пайтимгача, яна қаердадир овқатланиб туришим керак эди-да!

Шундай қилиб биз учрашиб туравердик, ҳар сафар учрашганимизда, Худо ва ҳаёт ҳақида жуда қизиқ мунозаларлар қилардик. У Худо ҳақида гапирар экан, Муқаддас Каломни очиб фикрларини тасдиқларди. Шундай қилиб мен имонга келдим.

Худонинг ишларига, донолигига тан бермасликнинг иложи йўқ. Мен Худони яхши билмаган ҳолда, оч қолмаслик учун Уни ҳаётимга қабул қилган эдим У эса мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилибди. Кейинчалик Худо ҳақида яхши билиб олгач, қайтадан тавба қилиб, Худони янгитдан ҳаётимга астойдил қабул қилдим.» Бугун бу йигитни кўрсангиз, унинг ҳеч ҳам овқат учун имонга келганига ишонмайсиз. Худо уни бутунлай ўзгартирган. Азизлар сиз ҳам ўз гувоҳликларингизни биз билан бўлишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг. Бундан фақат хурсанд бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top