«Ўша кунларда Исо ибодат қилиш учун тоққа чиқди ва кечани Худога ибодат қилиш билан ўтказди. Тонг ёришгач, шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн икки кишини танлаб, ҳаворий қилиб тайинлади» (Лука 6:12).
Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг танланган ҳаворийлари номини биласизми? Маттия деган ҳаворийни-чи? У қандай ҳаворий бўлган? Ҳаворий дегани нима ўзи? Улар қандай одамлар бўлиши керак? Ҳаворий сўзи аслида юнонча «апостол», яъни «юборилган» деганидир. Улар Исо Масиҳнинг махсус сайланган ва Инжил Хушхабарини ёйишга юборган ўн икки элчилари эди. Исо уларни Инжил Хушхабарини бутун дунёга тарқатиш учун танлаган эди. Уларнинг орасида Симон ўғли искариотлик Яҳуда ҳам бор эди. У яҳудий оқсоқоллари ва руҳонийлар олдига бориб, ўттиз кумуш тангага Устозини тутиб беришга рози бўлди.
Бироқ Исони қўлга олишганларидан кейин, қилган ишидан афсусланиб, оқсоқолларга пулни қайтариб бермоқчи бўлди, аммо оқсоқоллар рози бўлишмади. Кейин эса виждон азобида ўзини осиб ўлдирди. Забур китобида у ҳақида шундай ёзилган эди: «Унинг маскани ҳуввиллаб қолсин, Унда истиқомат қилувчи қолмасин. Ўрнини бошқаси олсин». Яҳуда йўқ, ҳаворийлар энди ўн иккита эмас, ўн битта. Каломга кўра, ҳаворийлар ўн иккита қилиб тайинланиши лозим. Ҳаворийлар Исо Масиҳ ваъда қилган Муқаддас Руҳни олишларидан олдин, ўн бир ҳаворий сафига яна бир ҳаворийни қўшишлари керак эди. Бундай қилишга Худо ундаган бўлиши керак. Улар Исонинг осмонга кўтарилишини ўз кўзлари билан кўриб, Зайтун тоғидан Қуддусга қайтиб келишди. Ҳаворийлар ҳамма имонлиларни йиғиб, ўзлари турган уйнинг болохонасида тўпланишди.
Каломда ёзилишича, Петр 120га яқин имонлилар олдида туриб шундай дейди: « …Шундай қилиб, энди сафимизга қўшиладиган киши, худди бизларга ўхшаб Раббимиз Исонинг тирилганига шоҳид бўлган биров бўлмоғи керак. Раббимиз Исо орамизда яшаган бутун замонда, яъни Яҳё пайғамбарнинг одамларни дарёда тавба қилдириш давридан бошлаб, то Исо орамиздан юксакликка олинган кунга қадар бизлар билан бирга юрган одамлардан бири бўлиши лозим» (Ҳав 1:16, 21-22).
Агар Муқаддас Каломга қарайдиган бўлсак, Яҳуданинг ўрнига танланадиган ҳаворий номзодларига бир нечта талаблар бор.У Яҳё пайғамбар одамларни дарёда тавба қилдирган пайтдан бошлаб, Исо Масиҳга эргашган бўлиши, ўша пайтдан то ҳаворий танланадиган кунгача Исо Масиҳга эргашган бўлиши ва ниҳоят Исо Масиҳнинг ўлиб тирилганига шоҳид бўлган одам бўлиши керак эди.
Бундай одамлар қанча бўлган, деб ўйлайсиз? Албатта Унинг ортидан юрадиган одамлар кўп бўлган. Бироқ Худо уларнинг орасидан фақат Маттияни танлади. Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлиш жуда шарафли ва масъулиятли иш. Бундай ишга Худо масъулиятсиз ва жавобгарликни ҳис қилмайдиган одамни қўймаслиги аниқ. Демак, Маттия, Яҳёнинг Исо Масиҳ ҳақида айтганларини эшитиб ишонган, Исо Масиҳга тинмай эргашган ва Унинг ўлими ва тирилишини ўз кўзи билан кўриб, Исо Масиҳга чин дилдан ишонган камтар бир инсон бўлган бўлса керак.
Худо бу оддий ҳаворийни шундай танлади: «Шундан сўнг улар қуръа ташладилар. Қуръа Маттиянинг чекига тушди ва у ўн бир ҳаворийга қўшилди.» (Ҳав 1:26). Азиз тингловчи Каломдаги шахслар ҳаёти билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ёрдам беради.