MP3

Ассалому алайкум. Бугун Исо Масиҳнинг шогирдларидан бири Ҳанания деган киши ҳақида гаплашишдан олдин, Сурия давлати ҳақида маълумотга эга бўлишимиз керак. Эрамизнинг биринчи ва иккинчи асрларида Сурия, Ироқ, Эрон, Миср ва Африка қитъасининг шимолий қисми Рим империяси ҳукмронлиги остида эди. Сурия ҳозирги Иордания ва Исроил билан чегарадош бўлган. Суриянинг пойтахти Дамашқ ўшанда ҳам пойтахт шаҳарлардан бири бўлган. Ўша Дамашқ шаҳрининг «Тўғри» деб номланган кўчасида Исонинг шогирдларидан бири Ҳанания исмли киши яшаган. Бу кўча шаҳарнинг шарқий дарвозаси томондан бошланиб, шаҳар маркази томон, яъни ғарбга томонга қараб кетганди. Бу кўча чиндан ҳам тўғри бўлиб, рим аравалари бемалол юрадиган бўлган.

Хўш, Ханания ҳақида қаердан билишимиз мумкин. Ҳаворийлар китоби Ҳанания ҳақида шундай дейди: «Дамашқ шаҳрида Ҳанания деган Исонинг шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга кўриниб: — Эй, Ҳанания! – деди. – Лаббай, Раббим! – деди у. Раб унга деди: — Ўрнингдан тур ва Тўғри деган кўчага бориб, Яҳуданинг уйидаги Тарс шаҳарлик Шоул исмли одамни сўрагин. Шу маҳалда у ибодат қиляпти. Ваҳийда Ҳанания исмли бир одам унинг ёнига келганини ва кўзлари очилиши учун қўлларини унинг бошига қўйганини кўрди. Ҳанания жавоб берди: — Ë Раббий, бу одам Қуддусда Сенинг асизларингга қанча ёмонлик қилгани ҳақида кўп одамлардан эшитдим. Бу ерда ҳам Сенинг исмингни айтганларнинг ҳаммасини тутқунга солиш учун олийруҳонийлардан ижозат олибди-ку, — деди. Раббимиз Исо унга шундай деди: — Сен боравер, мана бу одам Менинг исмимни турли халқлар, подшоҳлар ва Исроил ўғиллари олдида улуғлаш учун танлаган қуролимдир…. » (Ҳав 9:10-15).

Исо Масиҳ осмонга олингандан кейин, ҳаворийлар Исонинг хушхабарини фаол тарғиб қила бошладилар. Қуддусдан шимолга қараб юрилса, Филаделфия, Пелла, Бостра, Кафарнаҳум ва Дамаш шаҳарларига бориш мумкин эди. Ҳаворийлар қувғинга учрагач, ҳаммаси ҳар томонга қараб тарқалиб кетган. Менимча, илк имонлилар, қувғинлардан қочиб, Дамашқ шаҳригача борган ва ўша ерда ҳам Ҳанания каби одамларга Хушхабар айтган бўлиши керак. Чунки Шоул имонлиларни таъқиб қилиб, Дамашқ шаҳригача келади. Унинг Худонинг даъватига қандай жавоб берганидан Ҳананиянинг қандай одам бўлганини билишимиз мумкин. У ўша кунларда Шоулнинг Дамашққа келаётганини эшитган ва ўзининг ҳам ҳибсга олинишидан қўрққан бўлса керак. Айни қўрқиб турган кунларининг бирида, ваҳий кўради. Балки ухлаётганида, балки ибодат қилаётганида ваҳий кўргандир. Қандай ҳолатда бўлса ҳам, ваҳийда Исо Масиҳ кўриниб, унга ўзи қўрқаётган одам билан учрашишни буюради.

Қўрқса ҳам, Исонинг айтганига бўйсуниб, катта журъат ва имон билан Дамашқдаги Яҳуда исмли кишининг уйига боради. Унинг юрагида нафақат қўрқув балки, Шоулга нисбатан ғазаб ҳам бўлган бўлиши мумкин. У юрагидаги адоватни, қўрқувни енгиб Шоулнинг олдига борди. Биз ҳам Ҳананияга ўхшаб, Худонинг иродасига бўйсунсак, ҳаётимиздаги қийинчиликлар бизнинг фойдамизга ҳал бўлади. Азиз тингловчи Ҳанания каби имонлилар ҳаёти ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюринг. Бу сайтлар сизнинг руҳий билимингизни оширишига имонимиз комил.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top