Ассалому алайкум. Қадимда юнонлар яҳудийлар билан бирга Қуддус ва унинг атрофидаги шаҳарларда истиқомат қилишган. Титуснинг аниқ қайси шаҳардан бўлгани маълум эмас. Аммо у юнон бўлган. Ҳаворий Павлус Галатияликларга мактубида Титус ҳақида шундай дейди: «Кейинроқ, ўн тўрт йил ўтгандан сўнг, Барнабо билан бирга яна Қуддусга бордим, Титусни ҳам ёнимга олдим.» (Гал 2:1). Павлуснинг ёзганларига кўра, у ўн тўрт йил олдин ҳам Қуддусга келган, бироқ ёнида Титус бўлмаган. Титуснинг қачон имонга келгани ҳақида ҳам бирор бир маълумот йўқ. Аммо хушхабарни Павлусдан эшитиб имонга келгани аниқ. Ундан ташқари, Титус Павлусдан анча ёш бўлган. Павлуснинг Титусга ёзган мактубида шундай дейилади: «Умумий имонимиз асосида ҳақиқий фарзандим бўлган Титусга Отамиз Худодан ва Қутқарувчимиз Исо Масиҳдан меҳр шафқат ва тинчлик тилайман.» (Титус 1:4).
Титус ҳаворий Павлуснинг дўсти, ёрдамчиси ва фарзанди каби бўлган. У маълум бир вақт ҳаворий Павлус билан бирга шаҳарма-шаҳар юриб хизмат қилган. Павлус Коринф шаҳридаги имонлиларга ёзган мактубида шундай дейди: «Масиҳнинг Хушхабарини етказиш учун Троас шаҳрига келганимда, Раббим менга бир эшик очиб берган эди. Шунга қарамай, руҳим тинч эмас эди, чунки биродарим Титусни у ерда топмаган эдим. Ниҳоят у ёқдагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим» (2 Кор 2:12-13). Павлус Худонинг йўлида сидқидилдан ва жиддий хизмат қиладиган, ўта меҳнаткаш ва талабчан киши бўлган. Табиийки, ҳамроҳларининг ҳам шунга кўра иш тутишини истаган. Павлус Титусни яхши кўрган экан, Титус шунга яраша, зийрак, Худога чин дилдан хизмат қиладиган, меҳнаткаш йигит бўлган дея оламиз.
Павлус Македонияга келгач, Титус Коринфдан Македонияга келди. У Коринф шаҳридаги имонлилар билан ишлаган бўлса керак. Титус Македонияга келгач қувғин, ҳужумлар ва қўрқувлардан сиқилган, Павлуснинг кўнглига оро берди. Уни овундирди. 2 Коринфликлар 7 бобда у ҳақида шундай ёзилган: «Лекин тушкунларга тасалли берувчи Худо Титусни ёнимизга юбориб, бизни овунтирди.» Титус Коринф шаҳридаги имонлилар жамоатининг хабарчиси эди. Шу оятлар орқали, унинг кишиларга далда бера оладиган, уларни руҳлантира оладиган қобилияти бўлганини билиш мумкин. У ғайратли ва синалган, ишончли имонли бўлган. Ҳаворий Павлус уни Коринфликларга шундай тасвирлайди: «Демак, бир неча марта турли шароитда синалган ва ғайрати борлигини кўрсатган, энди эса сизларга ишончи комил бўлиб янада ғайратли бўлган бу биродаримизни …юбораяпмиз. … У … менинг ўртоғим ва орангизда юмуш бажарадиган ҳамкоримдир.» (2 Кор 8:16-18, 23).
У ишончли, садоқатли, Худога чин дилдан хизмат қиладиган, қалби тоза ва ғайратли имонли бўлгани учун ҳам Павлус уни Крит оролида оролдаги имонлиларга қараб туриш учун қолдирди. Ҳатто Павлус билан бирга қамоқда ҳам бўлган. У ҳам бошқа имонлилар каби бир жойда яшамаган. Павлуснинг умри охирлаб қолганида, Титус Далматияда эди. Калом уни Далматияга кетган дейди. Бироқ аниқ нима сабаб билан кетгани номаълум. Балки Павлуснинг ўзи Титусни Далматиядаги имонлилардан хабар олиш учун жўнатгандир. Титуснинг қандай яшагани, ўлгани ҳақида маълумот йўқ. Аммо у ҳам бошқа имонлилар каби Худога чин дилдан, астойдил ҳизмат қилган. Бу каби кишилар ҳаёти билан танишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиз эшиклари сиз учун доимо очиқ.