Ассалому алайкум. Қадимда кишиларнинг яшаш тарзи ҳам, урф – одатлари ҳам турлича бўлган. Туғилиш маросимлари, турмуш қуриш марсомлари ва ниҳоят мотам маросимлари. Эрамизнинг бошида, аниқроғи Исо Масиҳ даврида Яҳудияда кўмиш маросимлари қандай бўлгани ҳаммамизни қизиқтиради. Ўтган сафар ёдингизда бўлса, ўша даврдаги жазо турларидан бири бўлган, хочга михлаш ҳақида суҳбатлашган эдик. Одатда жазоланган махбусларни олиб бориб кўмишмаган. Уларнинг жасадлари қушларга ем бўлган. Аммо агар, махбус бирор ўзига тўқ оиладан бўлган бўлса, албатта бундай одамнинг жасадини шанба кириб келгунга қадар, олиб бориб кўмиш керак бўлган. Фаластин об-ҳавоси иссиқлиги туфайли жасад, ўлган куни обориб кўмилган. Аёллар жасадни ювиб, ўрашган.
Ўраётган пайтларида мато орасига турли хил ҳид берувчи ўтлар қўшиб ўралган. Ўликнинг юзи алоҳида зиғир мато бўлаги билан ёпилган. Кейин эса ўликни тобутга солиб қабрга олиб боришган. Мотам маросимини ўтказадиган махсус кишилар марҳумнинг маросимини ўтказиб, оила аъзолари ва дўстлари билан бирга йиғлаганлар. Марҳумнинг оиласи ва дўстлари биргаликда бир ҳафта мотам тутишган. Агар вафот этган киши ҳурматли ва обрўли бўлса, мотам маросими бир ойгача чўзилган. Ëдингиздами, Иброҳим пайғамбар ҳетийлардан Маҳпела деган далани сотиб олганди. Муқаддас Калом бу ҳақида шундай дейди: «Шу йўсин Канъон мамлакатидаги, Мамре (Ҳебрўн) қаршисида жойлашган Махпела даласи ҳамда ундаги ғор ҳетийлар мулкидан чиқиб, Иброҳимга оиласи учун мақбара бўладиган ер улуши бўлиб ўтди.» (Ибт 23:20)
Ўликни ғорга кўмиш эрамиздан аввал Иброҳим даврида ҳам мавжуд бўлган. Ғор сотиб олган одам ғорнинг ичини жасад қўйишга тайёрлаган. Ғор ичидаги деворларни ўйиб, бир жасад сиғиши мумкин бўлган тешиклар қилишган. Жасад ўша ерга қўйилиб, то суяклари қолгунча ўша ерда қолган. Ғорнинг оғзини эса катта юмалоқ тош билан бекитишган. Бу тошни бир нечта одам бирданига сурмаса, бир одамнинг кучи етмаган. Жасад чириб, фақат суяклари қолгандан кейин, суяклар йиғиштириб олиниб, тошдан ўйиб ясалган қути ичига жойлаштирилган. Аммо афсуски ҳамма ҳам ғор сотиб ололмасди. Фақат бой одамларгина ғор сотиб олиши ва ўша ерни оиласи учун мақбара қилиши мумкин бўлган. Бир ғор бутун бир катта оила учун мақбара сифатида хизмат қилган.
Оддий одамларнинг ғор сотиб олишга қурби етмаган. Оддий оиладан чиққан марҳумни саёз қилиб кавланган қабрга кўмиб, устига тошлар териб чиқишган. Қабрларга қоронғида йўловчи тегиб кетмаслиги ёки устидан босиб ўтмаслиги учун устини оқлаб қўйишган.
Исо Масиҳни ўз қабрига олиб борган кишининг номи Ариматеялик Юсуф эди. У ҳам бой одамлардан ва Руҳонийлар ва Оқсоқоллар Кенгашининг аъзоси эди. У Исо Масиҳни чин дилдан яхши кўрган ҳолда ўз қабрини Унга берди. Бироқ Исонинг у қабрда узоқ қолмаслигини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Азиз тингловчи, сиз шу ва шунга ўхшаш қизиқ воқеалардан хабардор бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб кўринг. Ундан ташқари яна қандай мавзулар ҳақида суҳбатлашишни истайсиз, бу ҳақида ўз фикрларингизни қолдиринг.