3:16

Унинг кўтарилиши

MP3

«Ўн бир шогирд Жалилага, Исо уларга тайин этган тоққа боришди. Улар Исони кўриб, Унга сажда қилдилар. Баъзилари эса шубҳага бордилар. Исо уларга яқинлашиб, шундай деди: «- Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмилтириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан» (Мат 28:16-20).

Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг тирилиши ва шогирдларига кўриниши ўлим устидан ва бу дунёнинг ҳокими шайтон устидан ғалаба қозонганини исботлади. Ҳали хочга михланмай туриб, Унинг гапларини тушунмаган шогирдлари, ўшанда Исо Масиҳ нимани назарда тутганини аста секин тушуна бошлашди. Исо Масиҳ дунё тарихида мавжуд бўлган энг мукаммал Устоз эди. Унинг ердаги хизмати охирига етай деб қолган, энди шогирдларига далда бериб, осмонга кўтарилиши керак эди. Исо Масиҳнинг бу дунёга келиш сабабини яхши биласиз. Шундай бўлса ҳам, Муқаддас Каломнинг асосий юрагини ўқиб эшиттирамиз: «Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эришсин. Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди.»

У кетиш олдидан инсонларнинг нажотга эришиши учун шогирдларига юқорида эшитганларингиз охирги ва асосий буйруғини берди. Исо Масиҳнинг шогирдларига берган асосий икки буйруғи бу – барча халқлардан шогирд орттириш ва уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмилтириб имонга келтириш эди. Ҳаворийлар китобида Исонинг шогирдларига айтган мана шундай сўзлари бор: «- Қуддус шаҳридан кетиб қолманглар, балки Отамнинг берган ваъдаси амалга ошгунча у ерда кутиб туринглар. Сизлар бу ваъдани Мендан эшитгансизлар» (Ҳав 1:4). Бу қандай ваъда экани ёдингиздами? Уни ҳали қўлга олмасларидан олдин шогирдларига шундай деган эди: «Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар. Мен Отамга мурожаат қиламан ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади. Бу Юпатувчи – Ҳақиқат Руҳидир.» (Юҳ 14:15)

Исо шогирдларига то Муқаддас Руҳни олмагунларига қадар Қуддусдан кетмай туришларини буюрди. У шогирдларининг ҳар доим, кучли ва имонда собит бўлишларини истаганди. У Муқаддас Руҳ ҳақида гапирар экан, шундай деди: «…Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганида, сизлар қувват оласизлар, Қуддусда, Яҳудия билан Самариянинг ҳамма жойларида ва ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар» (Ҳав 1:8) Бу нафақат буйруқ, ваъда ҳам эди. Исо Масиҳ шогирдлари ўз кучлари билан У буюрган нарсага амал қила олмасликларини яхши биларди. Шунинг учун ҳам уларга ёрдамчи, маслаҳатгўй ва йўл-кўрсатувчи бўла оладиган Муқаддас Руҳни олмагунча ҳеч қаёққа кетиб қолмасликни тайинлади. Бу ваъда ва топшириқ бизга ҳам тегишли. У дунёнинг охиригача биз билан бирга бўлади. Азиз тингловчи сиз ҳам бизнинг суҳбатларимиз ҳамда www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали биз билан бирга бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top