3:27

Худо сизни асраш учун имконият топади

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаммамиз ҳам ҳаётимиз давомида кўп марта нима қилишни билмай қолган пайтларимиз бўлган. Баъзида касал ётган ота-онамизни кўришга боришимиз керак, аммо иложимиз йўқ. Ишимиз, мажбуриятларимиз боришга йўл қўймайди. Ëки бўлмаса, бирор керакли нарса сотиб олиш учун пул керак. Хуллас ҳаётда қийин ҳолатлар жуда кўп учрайди. Исо Масиҳ ва унинг шогирдларида ҳам шундай қийин ҳолатлар бўлган. Улар қандай муаммога дуч келишган? «Исо тоққа чиқиб, у ерда ўз шогирдлари билан ўрнашди. Яҳудийларнинг Пасҳа байрами яқинлашаётган эди. Исо бир қараса, халойиқ кўплашиб У томонга келаётган экан. Исо Филлипдан: — Буларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? – деб сўради. Бу гапни эса уни синаб кўриш учун айтганди, Ўзи нима қилишни билар эди. – Буларнинг ҳар қайсисига оз-оздан берсак ҳам, икки юз кумушлик нон етмайди-ку! – деб жавоб берди Филлип.

Шунда шогирдлардан бири, Петрнинг укаси Андрей Исога: — Бу ерда бир болада бешта арпа нон ва иккита балиқ бор эмиш, лекин кўпчиликка бу нима ҳам бўлар эди, — деди.» (Юҳ 6:1-9). Келинг қолганини ҳикоя қилиб бера қоламан. Исо шогирдларига одамларни ерга ўтқазишни буюрди. Исонинг ортидан эргашганларнинг ичида аёл ва болалардан ташқари 5000 эркак бор эди. Исо бешта арпа нон билан иккита балиқни олиб шукрона дуосини ўқиди ва шогирдларига бўлиб берди. Шогирдлари эса нон ва балиқларни ўтирганларга тақсимлади. Ҳамма еб тўйди. Исо шогирдларига исроф бўлмаслиги учун, ортиб қолган нонларни териб олишни буюрди. Шогирдлар ортиб қолган арпа нон бўлакларини териб олишди. Ҳаммаси бўлиб ўн икки сават чиқди. Шунда одамлар Унинг қилган мўъжизасини пайқаб, «Ҳақиқатдан ҳам Бу оламга келадиган Пайғамбар экан» — дейишди.

Исо Масиҳ шогирди Филлипга маслаҳат солди. «Бу одамларни қандай тўйдирсак экан-а?» Филлип қандай жавоб берди? «Бунча одамни тўйдириш учун икки юз кумушлик нон ҳам етмайди-ку!» Икки юз кумуш ўша пайтда бир одамнинг ўртача саккиз ойлик ойлиги эди. Филлипнинг жавобидан унинг писсимист, ҳали ҳам Исонинг кимлигини тушуниб етмаган, дунёвий фикр қиладиган киши бўлган. Биз ҳам Филлипдай фикрлайдиган бўлиб қолганмиз. Олдимиздан қийинчилик чиққанда, Худонинг қудратига, марҳаматига ва ёрдамига ишонмай, муаммога ўз инсоний фикримиз билан қараймиз. Шундан кейин эса, «Бу муаммодан чиқиб кетишнинг иложи йўқ» — дея сиқилиб, тушкунликка тушиб ўтирамиз.

Аммо Петрнинг укаси Андрей қандай йўл тутди? У оломон орасидаги нон ва балиқ кўтариб олган болани топиб, Исонинг олдига олиб келди: «Мана бу болада бешта нон билан иккита балиқ бор экан» — деди. Исо эса ўша нон ва балиқларни олиб шукрона дуосини ўқиб, озгина нонни баракалаб кўпайтирди. Андрей Филлипга ўхшаб писсимист эмасди. У олдиларида турган муаммога ечим излаб, кичик бир имкониятни ҳам Исонинг олдига олиб келди. Ўша кичик имконият билан ўзи ҳеч нарса қилолмасди, бироқ Исо бунинг уддасидан чиқишига ишонган. У Исонинг Канадаги илк мўъжизасини кўрганлардан бири бўлган бўлса ажаб эмас. Биз ҳам оилада икки хил фикрлаймиз. Биримиз писсимист бўлсак, иккинчимиз оптимистмиз. Қийин дамларда озгина умидингиз, имкониятингиз бўлса ҳам ўша имкониятни Худонинг олдига олиб келинг. У ўша имкониятни баракалаб, муаммодан чиқиш йўлини очиб беради. Бу ҳақида www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтлари сизга тўлиқ маълумот беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top