2:55

Исо уни қутқариб қолди

MP3

Бу воқеа эрамизнинг 95 йилларида Рим Империяси ҳукмронлик қилган пайтда юз берган. Юҳанно омон қолган ҳаворийларнинг энг охиргиси эди. У энди қариб қолган, лекин юраги ҳали ҳам шижоат ва ғайратга тўла эди. Римликлар уни тутиб келиб, майдонга оломон олдига турғизиб қўйди. Император уни қайнаб турган ёғ тўла қозонга ташлашни буюрди. Бундай жазо ҳали ҳеч бир ҳаворийга насиб қилмаган эди. Оломон Исо Масиҳнинг севимли шогирди ва «ўлмайди» деб юришган ҳаворийнинг ўлимини кўриш учун йиғилган ва сабрсизлик билан ҳукм ижро этилишини кутарди. Исо кўпинча уч ҳаворийни Ўзи билан бирга олиб юрарди. Исонинг севимли дўстларидан бири Юҳанно ҳам ўша уч ҳаворий орасида эди.

Бу уч ҳаворий Петр, Юҳанно ва Ëқуб Исонинг бошқа ҳаворийлари кўрмаган мўъжизаларига гувоҳ бўлган ва Унинг илоҳий, улуғвор қиёфасини кўрган эдилар. Ўшанда тоғда Исонинг юзи илоҳий нурдан ёришиб кетган, кийимлари эса қордай оппоқ бўлиб қолганди.

Юҳанно юрагида ўти бор, ғайратли ва шижоатли шогирд эди. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ уни ва укасига «момақалдироқ ўғиллари» дея ном берганди. Исо Масиҳ хибсга олинган тунда, Юҳанно аскарлар ортидан олийруҳоний ҳовлисигача эргашиб борди. Исо Масиҳга нима бўлишини ўз кўзи билан кўришни истаганди. Исони хочга михлашаётганларида ҳаворийлардан фақат Юҳанногина ўша ерда эди.

Рим Императори Юҳаннога юзланиб: «Агар Исо Масиҳинг чиндан ҳам Худо бўлса, Ундан сўра, келиб сени қутқарсин», — деди. Кейин эса жаллодга: «Олиб кетинглар», — дея буйруқ берди. Аскарлар ёғ тўла қозонга ўт ёқиб уни қиздиргунча, Юҳанно ўтган ҳаётини бир-бир кўз олдига келтирди. Петр билан бирга Маъбад олдидаги шол одамни Исо Масиҳ номи билан шифолаганда ҳам иккисини ҳибсга олишганди. Бироқ «Исо Масиҳ номи билан бошқа хушхабар айтмаслик» ҳақида огоҳлантирилиб, озод қилинишганди. Буларнинг ҳаммаси шогирдларнинг яна ҳам ғайратга тўлиши ва мўъжизаларнинг кўпайиши учун хизмат қилганди.

Бошқа бир сафар эса уни яна бир нечта ҳаворийлар билан бирга хибсга олишди. Бу сафар фаришталарнинг кўмагида зиндондан халос бўлишди.

Зиндондан халос бўлишгач, янада кучли иштиёқ билан хушхабар айта бошлашди. Бунинг учун уларни роса калтаклашганди. Ўшандан буён Раббий Исо Масиҳ уни бир неча марта қутқариб қолган. Кўпгина шогирдлар ва ҳаворийларнинг ўлимига сабаб бўлган Нероннинг таъқибидан ҳам омон қолганди.

Бирдан соқчининг овози унинг ҳаёлларини тўзғитиб юборди: «Тур, Масиҳий. Ëғ тайёр!» Халқ қатлни яхшироқ кўриш учун оёққа қалқиди. Юҳаннони қайнаб турган ёғга ташлар эканлар халқ ёввойиларча бақириб чапак чаларди. Юҳанно эса кўзларини юмиб, уни кўп марта қутқариб қолган Рабга ибодат қиларди.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, бу сафар Исо Масиҳ уни қутқариб қола оладими? Бу ҳақда билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни тинглашни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top