Нарратор 1 «- Сизларга шуни айтиб қўяй, Мен бундай зўр эътиқодни Исроилда ҳам топганим йўқ- деди» (Лука 7:8).
Ассалому алайкум. Биз Худонинг фарзандлари бўлсак-да, баъзан Худо ҳаётимизда қандай ишлар қилаётганини тушунмаймиз. Унинг нега жахли чиқаётганини, нега ҳайратланганини тушуниш қийин бўлади. Нега? Худо йўлида руҳан вояга етиб борганимиз сари, Худонинг режаларини, ишларини ва қандайлигини тушуниб борамиз. Худо завқланган нарсалардан завқланиш, У қадрлаган нарсаларни қадрлаш қандай яхши! Ҳар бир имонли шу даражага етишишни орзу қилади. Бугунги суҳбатимиз давомида Раббимиз Исо Масиҳни ҳайратга солган бир воқеа, аниқроғи, бир кишининг имони ҳақида гаплашамиз. У ким эди? Каломда ёзилишича у Кафарнаҳумлик римлик юзбоши бўлган.
Нарратор 2 «Исо Ўзини тинглаб турган халққа бу сўзларни айтиб бўлганидан кейин, Кафарнаҳум шаҳрига кирди. У ерда бир юзбошининг жуда азиз хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди. Юзбоши Исодан хабардор, У келиб хизматкорини даволасин, деб илтимос қилиш учун яҳудийларнинг оқсоқолларини Унинг ҳузурига юборди. Улар Исонинг ёнига келгач, бир самимий ўтинч билан: — У Сенинг шафоатингга муносибдир. У халқимизни севади, бизга ҳатто ибодатхона ҳам қуриб берган, — дейишди. Исо улар билан бирга кетди. У уйга яқинлашиб қолганда, юзбоши Исога бу гапларни айтгани дўстларини пешвоз чиқарди: — Эй Ҳазрат, овора бўлма! Кулбамга оёқ босишинг учун муносиб эмасман. Шунинг учун Сенинг олдингга боришни ҳам ўзимга лойиқ кўрмадим. Сен биргина сўз айтсанг бас, хизматкорим соғайиб кетади. Чунки мен ҳам буйруққа тобе одамман, шунингдек менинг ихтиёримда ҳам аскарлар бор. Бирисига «кет» десам кетади, бошқасига «кел» десам келади; бирон хизматкоримга «шуни қил» десам, қилади.
Нарратор 1 Исо бу сўзларни эшитгач, юзбошига ҳайрон қолди. У ўгирилиб, орқасидан эргашиб келаётган халойиққа: — Сизларга шуни айтиб қўяй, Мен бундай зўр эътиқодни Исроилда ҳам топганим йўқ, — деди.»
Биласизми, одатда яҳудийлар римликлардан нафратланишарди, бироқ бу киши ҳамма римликларга ўхшаган эмас эди. Оқсоқоллар у ҳақида шундай дейди: « У Сенинг шафоатингга муносибдир. У халқимизни севади, бизга ҳатто ибодатхона ҳам қуриб берган.» (Лука 7:4) Бу юзбоши раҳмдил ва меҳрибон бўлишидан ташқари, Исо ҳақида ҳам яхши билган кўринади. Исонинг чиндан ҳам Худо Ўғли эканига, қудратли ва илоҳий Зот эканига ишонган кишигина, шундай сўзларни айтиши мумкин эди.
Нарратор 2 Унинг ишончи шу қадар катта эди-ки, «Хизматкоримнинг тузалиб кетиши учун Ҳазратнинг келиши ҳам шарт эмас. Биргина сўз айтса бас, у тузалиб кетади», — деб ўйлаган. Ундан ташқари Исонинг ва ўзининг кимлигини яхши биларди. Унинг илоҳий, муқаддас Зотлигини билган ва ҳис қилган ҳолда, ўзини унинг олдига боришга лойиқ кўрмади. Айнан шунинг учун ҳам Исодан илтимос қилиш учун яҳудий оқсоқолларни юборган бўлса ажаб эмас. Бу парчадан юзбоши римлик бўлса-да, Худонинг халқи бўлган яҳудийлардан ҳам кучлироқ имонга эгалигини, Исо ҳақида улардан-да кўпроқ билишини, унинг Худо олдида камтарлигини кўришимиз мумкин. Бу парчадан, ўзимиз учун анчагина сабоқ олишимиз мумкин. Қадрдонлар бизнинг www.najot.com сайтимиз сизнинг Муқаддас Калом ҳақидаги билимингизни бойитади.