MP3

Нарратор 1 «Шунда ўн икки ҳаворийдан бири, искариотлик Яҳуданинг ичига шайтон кириб олди» (Лука 22:3).

Ассалому алайкум. Яҳудо ўн икки ҳаворийлардан бири эди. Баъзилар кеча-ю кундуз Исо Масиҳ билан бирга юриб, Унинг қудратли таълимоти-ю, мўъжизаларини кўрган, У билан бирга бир дастурхондан нон еган одам қандай қилиб, ўз Устозига хиёнат қила олади, деб ўйлаши мумкин. Бу саволга жавоб топиш учун Яҳуданинг юрагига назар ташлаш керак бўлади. Кўп фильмларда бирор бир одамнинг иблисга жонини сотгани ва шунинг эвазига баъзи бир қудрат ва ажойиб ишларга қодир бўлгани ҳақида кўрсатилади. Иблисга жонини сотиш ёки иблиснинг юрагига кириб олишига рухсат бериш қанчалик даҳшатли бўлса керак. Юрагимизни Муқаддас Руҳ қоплаб олиши ҳақида биласиз. Бу жуда ажойиб ширин дақиқалар бўлади. Бу дақиқаларни ҳеч нарсага алишиб бўлмайди.

Нарратор 2 Аммо шайтонни юрагига киритиш, бу жуда даҳшатли. Хўш, нега шайтон айнан Яҳудани танлади? Бунга талайгина сабаблар бор эди. Бу сабабларини кўриб чиқишдан олдин Каломга қарасак: «Хамиртурушсиз нон ёпиладиган Пасха байрами яқинлашаётган эди. Олийруҳонийлар билан уламолар халқдан қўрқиб, Исони орадан кўтариш чорасини излардилар. Шунда ўн икки ҳаворийдан бири – искариотлик Яҳуданинг ичига шайтон кириб олди. Яҳуда бориб, олийруҳонийлар ва маъбад миршаббошилари билан Исони қандай қўлга тушириш тўғрисида маслаҳатлашиб олди. Улар севиниб унга пул беришга ахд қилдилар. Яҳуда бунга розилик берди ва Исони халқ кўзидан яширинча уларнинг қўлига тутиб бериш учун қулай пайт излайдиган бўлди»(Лука 22:1-6).

Нарратор 1 Яҳуданинг бошқа шогирдлардан фарқи, у шунча вақт Исо Масиҳ билан бирга юрган бўлса ҳам, юрагини чиндан ҳам Исога бермаган эди. У шунчаки Исонинг ортидан эргашиб юрарди ҳолос. Юраги Исоники бўлмагач, шайтон бундан жуда яхши фойдаланиб қолди. Бошқа ҳаворийлар тез-тез хато қилиб туришган бўлса ҳам, юраги чиндан ҳам Исо Масиҳники эди. Улар чин дилдан ишониб, Исо Масиҳга эргашиб юрардилар. Уларнинг Исога эргашишида сабаб ва мақсад бор эди. Баъзан имонсизлик қилган бўлсалар ҳам, юракларининг эгаси борлиги учун ҳам шайтон уларни йўлдан оздиролмаган. Яҳуда билан бошқа шогирдларнинг фарқи ҳам шунда эди. Бу нарса биз учун ҳам сабоқ бўлиши мумкин. Агар қалбимизни бутунлай Исога бермасак, шайтон биз орқали осонгина ишлайди.

Нарратор 2 Баъзан имонда сусткашлик қилсангиз ҳам, қалбингиз бутунлай Худога боғлиқ бўлса, Уни суянган тоғим, Ҳимоя қўрғоним деб билсангиз, бу ишонч сизни шайтондан ҳимоя қилади.

Шайтон ўз ишини бажариш учун имонлиларнинг заиф нуқталарини топиб, ўша орқали зарба беришга ёки шу орқали ишлашга ҳаракат қилади. Яҳудонинг энг заиф жойи бу- пулни яхши кўришида эди. Аслида пул масаласи биринчи кўтарилгани йўқ. Яҳуданинг Исога ҳиёнат қилишининг биринчи сабаби, Унга юрагини топширмагани, Унга чин дилдан ишонмагани, чин дилдан эргашмагани эди. Қадрдонлар, кейинги суҳбатларимизни тингласангиз, Яҳуда билан шайтон иккиси қандай режа қилганини билиб оласиз. Бошқаларнинг ҳаётидан ўрнак олиб, ўзингизга керакли хулоса чиқариб олишингизда бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз бажонудил ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top