Нарратор 1 Ассалому алайкум. Иброҳим пайғамбар бой-бадавлат жуда кўп хизматкорларга эга киши эди. Хизматкорлари орасида Илъазар дегани ҳам бор эди. Худонинг Иброҳим билан суҳбатида у ҳақида шундай ёзилган: «Ë Худоё Худовандо! Сен менга нима берасан? Мана, мен фарзандсиз келаётирман. Рўзғоримни эса менга ўғиллик қиладиган дамашқлик Илъазар бошқаради. Сен менга авлод бермаганингдан сўнг, энди хонадонимда ўғиллик қиладиган мана шу қулбошим менинг ворисим бўлади, — деди». Бундан кўриниб турибди-ки, Илъазар Иброҳимнинг ишончини қозонган, садоқатли, ҳамма ишларни сидқидилдан бажарадиган ҳалол киши бўлган. У қул бўлса ҳам хўжайини билан жуда яқин бўлган. Иброҳим ҳам уни қадрлагани кўриниб турибди. Уни худди ўзининг ўғлидай кўриб, Худо фарзанд бермаса, бутун мол-мулкини унга қолдириш ниятида бўлган.
Нарратор 2 У Иброҳим учун ҳам хизматкор, ҳам бошқарувчи, ҳам ўғилдай бўлган. Иброҳим Ур шаҳридан чиқиб қаерга бормасин, Худо билан қандай суҳбатлар қурмасин, ҳаммасидан хизматкор боҳабар бўлган бўлиши керак. Агар менинг ҳам мана шундай садоқатли хизматкорим бўлганида, мен ҳам ундан ҳеч нарсани сир тутмаган бўлардим. Худо Иброҳимни танлаганида у бутпарастлар ичида яшарди. Худони билмасди. Илъазар ҳам худди шундай бўлган. Бироқ йиллар ўтиб, Иброҳимнинг ўзгаришини, Худо билан муносабатини кўриб, у ҳам Худога ишонгани аниқ. Буни Муқаддас Каломда ёзилганларидан билишимиз мумкин. Калом у ҳақида шундай дейди: — Иброҳим энди қариб, кунлари охирлаб қолган эди. Иброҳимнинг бутун мол-мулкини бошқарадиган хонадон раиси бор эди.
Нарратор 1 Иброҳим унга:- Қўлингни сонимнинг тагига қўй. Еру осмонни яратган Худованд ҳақи сенга қасам ичираман: мен канъонийларнинг орасида яшасам-да канъоний қизлардан ўғлимга хотин олма. Сен ўзимнинг ватанимга бориб, қавм-қариндошларимдан ўғлим Исҳоққа хотин олгин, — деди. Хизматкор эса Иброҳимга жавобан: — Бош устига! Лекин бордию, у қиз мен билан бу ерга келишга рози бўлмаса, унда мен ўғлингизни сиз қолдириб кетган юртингизга қайтаришим керакми? – деб сўради. Иброҳим унга: — зинҳор-базинҳор ўғлимни у ерга қайтара кўрма! Мени отам уйидан, қавмим еридан олган, осмонни яратган Худованднинг ўзи менга қасамёд қилиб: «Мана шу ерни сенинг зурриётингга бераман», — деб айтган эди. Энди эса У сенинг олдингга фариштасини юборади ва сен ўғлимга ўша ердан хотин топасан.»
Нарратор 2 Қўлини кимнингдир сони тагига қўйиб қасам ичиш жуда жиддий, қайтиб бўлмайдиган қасам саналарди. Шунинг учун ҳам Илъазар хўжайини Иброҳим нима қилмоқчи эканини жуда яхши билган. У хизматкорининг ҳамма айтганларига рози бўлибгина қолмай, олдинда бўлиши мумкин бўлган воқеаларнинг ҳам хисобини олиб қўйди. Бу ишидан унинг жуда ақлли эканини билишимиз мумкин. У хўжайини Иброҳимнинг Худосига ишонарди. Хўжайини Худо ўз фаришталарини юбориб, сенга ёрдам беради, дедими, демак у айтганидай бўлади, дея ишонди. У ҳақидаги суҳбатимиз ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Кейинги сафар бу ажойиб киши ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўласиз. Агар Муқаддас Каломдаги шахслар ҳаёти сизни қизиқтирса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ёрдам беришга тайёр.