MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ҳаворий Павлус Троас шаҳрида эканида бир ажойиб воқеа юз берди. Бу воқеа бугунги кунда юз берганида, кўплаб имонлиларнинг руҳлари кўтарилган ва яна кўплаб кишилар имонга келган бўларди. Павлус Троасга нега келган эди? Келинг, бунинг сабабини Муқаддас Каломдан топамиз: «Улар аввал жўнаб, бизларни Троасда кутиб турардилар. Бизлар эса Хамиртурушсиз Нон байрамидан кейин Филиппи шаҳридан сузиб, беш кун деганда уларнинг олдига – Троас шаҳрига етиб келдик. У ерда етти кун турдик.» (Ҳав 20:5-6). Павлус қаерга бормасин, ўз одатини канда қилмасди. Одатига кўра, у бозор майдонларида яҳудийлар-у ғайрияҳудийларга Худо Каломини тарғиб қиларди. Имонга келган кишилар билан эса алоҳида суҳбатлашар, Исо Масиҳ йўлида қандай ҳаёт кечиришни тушунтирарди.

Нарратор 2 Шундай кунларнинг бирида Троасда Павлус имонлилар билан нон синдириб, Раббимизни эслаш учун йиғилишди. Павлус кейинги куни кетадиган бўлгани учун бу ердаги имонлиларга ўргатадиган, айтадиган гаплари жуда кўп эди. Албатта шошиб турган пайтингизда ичингиздаги гапларни айтиб олишга ҳаракат қиласиз. Павлусда ҳам шундай бўлгани аниқ. У эртаси куни кетадиган бўлгани учун сўзини ярим кечагача давом эттирган. Ҳаворийлар китобини ёзган Павлуснинг ҳамроҳи Лука бу ҳақида шундай дейди: «Бизлар йиғилган болохонада жуда кўп шамчироқ ёнган эди. Евтих исмли бир йигит дераза рахида ўтирарди. Павелнинг нутқи узоқ чўзилиб, йигитни қаттиқ уйқу босди. У уйқусида қимирлаб, учинчи қаватдан пастга тушиб кетди. Ердан унинг ўлигини кўтаришди.»

Нарратор 1 Бечора йигит. Ҳали ёш, аммо Исо Масиҳни қабул қилган Евтих исмли йигитнинг асли кимлиги баён этилмаган. Балки бутун оиласи билан Исо Масиҳни қабул қилганларнинг ўғлидир. Балки бир ўзи, балки ота-онаси билан кимнингдир уйига йиғилишган. Кун иссиқлигиданми ёки ёшлик қилибми ё жой йўқлигиданми дераза рахига ўтирган. Бу ерда ўтириш анча хавфли. Айниқса болалар учун. Евтих ҳали ёш чарчаб, кўзи кетиб қолганини кейин эса йиқилиб тушганини сезмай қолган. Тезда суҳбатни тўхтатишиб, пастга тушишганида, Евтихнинг жони узилган эди. Янги имонга келганларнинг кўз ўнгида бир одам ўлди. Исо Масиҳнинг қудратини кўришнинг айни вақти эди. Павлус пастга тушиб, йигитнинг устига ўзини ташлади ва уни қучоқлаб: «Хавотир бўлманглар, унинг жони ўзидадир!» — деди.

Нарратор 2 Элиша пайғамбарнинг бева аёлнинг ўлган ўғлини шундай қилиб тирилтиргани ёдингиздами? Павлус ҳам Худонинг қудрати билан шундай қилди. Ҳамманинг кўз ўнгида Исо Масиҳ номи билан мўъжиза кўрсатди. Йиғилганларнинг ҳаммаси Худонинг қудратидан ҳайрон қолишди. Худога яна қаттиқроқ боғланишди. Евтихнинг ўзи қандай ҳолатга тушган экан. Бу воқеа унинг ҳаётида ҳеч қачон унутилмайдиган иш бўлгани аниқ. Лука ҳикоясини давом эттириб шундай дейди: «Сўнг яна юқорига чиқиб, нон синдириб овқатланди. Тонг отгунча анча суҳбат қилиб, йўлга чиқди. Шу орада ўсмирни тирик олиб келишди ва беҳад хурсанд бўлишди. »Худонинг мўъжизасини, қудратини ўз танасида синаб кўрган киши ҳеч қачон имонсизлик қилмаслиги аниқ. Биз ҳам Евтих каби ҳаётимизда Худонинг қудратини кўрамиз, ҳис қиламиз. Лекин баъзида Худонинг ишларини осонгина унутиб юборамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top