Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ҳаворийлар китобининг бир нечта жойида азайимхонлар ва сеҳргарлар ҳақида ёзилган. Бутун ҳаворийлар китобини ўқиб чиқсангиз, ўша замондаги кишиларнинг ҳам бугунги кун одамларига нақадар ўхшаш эканини ҳис қиласиз. Бугун ҳам орамизда фолбинларга, эскича ўқиб қўядиган домлаларга, азайимхонларга ишонадиганлар кўплаб топилади. Уларнинг илму-амали билан ҳасталикларига шифо, муаммоларига ечим топишларига ишонадилар. Замонлар ўзгарса ҳам одамлар ўзгармайди. Ўша замонларда ҳам одамлар сеҳргарлар-у азайимхонларга ишонган, бугун ҳам ишонишади. Шайтон мана шундай одамлар орқали бошқаларни ҳақиқий ва Тирик Худодан узоқлаштиришга, Худо ҳақидаги тасаввурларини ўзгартиришга ҳаракат қилади.
Нарратор 2 Аммо бир кун келиб шундай одамлар ҳам Худонинг буюклигини эътироф этишади. Ҳаворий Павлуснинг иккинчи саёҳати даврида ҳам шундай бўлди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Худо Павелнинг қўллари билан кўп қудратли ишларни қилар эди. Ҳатто унинг баданига теккан рўмоллар ва камарлар ҳам беморларнинг устига қўйилганда, улар касалдан халос бўлар, ичларидаги ёвуз руҳлар эса чиқиб кетарди.» (Ҳав 19:11). Яҳудийлар орасида қишлоқма-қишлоқ юрувчи азайимхонлар бор эди. Улар қишлоқма-қишлоқ юриб, ўзларининг таъбири билан айтганда одамларнинг мушкулини осон қилиб юришарди. Исо Масиҳнинг қудрати, шогирдларининг қилаётган ишлари ҳақида эшитган азайимхонлар Исо Масиҳ номи билан жинларни қувиб чиқаришга ҳаракат қилишди. Бунинг нимаси ёмон, шогирдлар ҳам Исо Масиҳнинг номи билан жинларни қувиб чиқаради-ку, дейишингиз мумкин.
Нарратор 1 Агар ёдингизда бўлса, бир куни Юҳанно Исо Масиҳга шундай деган эди: «- Устоз, Сенинг номинг билан жинларни қуваяётган бир одамни кўрдик. У биз билан юрмагани сабабли, унга буни ман этдик. – Ман қилманг. Кимки сизга қарши эмас, у сиз томонда, — деди Исо» (Лука 9:49-50). Сизга қарши бўлмаган одам сиз томонда, унга буни ман қилманг, деган Исо Масиҳ. Аммо азайимхонларнинг мақсади Исо Масиҳ номини улуғлаш эмас, шу орқали пул ва обрў топиш эди. Жинлар уларга қандай жавоб беришди? Калом бу ҳақида шундай дейди: «Яҳудийлар орасида сайёҳ юрувчи баъзи азайимхонлар бор эди. Улар ёвуз руҳларга чалинган одамлар тепасида Раббимиз Исонинг исмини зикр қилишга уннай кетар, «Павел эълон этаётган Исо номи билан сизларга буюрамиз »- деб айтишарди. Бундай қилганлар орасида олийруҳоний Скева исмли бир яҳудийнинг етти ўғли бор эди. Ëвуз руҳ уларга жавобан: «Исони танийман, Павелни биламан, сизлар эса ким бўласизлар?»- деди.
Нарратор 2 Шундай дейиши биланоқ ёвуз руҳли одам уларнинг устига ташланиб, шундай зўр чиқдики, азайимхонлар қип-яланғоч ва ярадор ҳолда у уйдан қочиб қутулишди» (Ҳав 19:13-16). Бу воқеа тез орада ҳаммага маълум бўлди. Ҳаммани даҳшат қоплади ва Раббимиз Исо Масиҳнинг номини улуғлашди. Ўшанда имон келтирганларнинг кўпчилиги азайимхонлар эди. Улар ўз қилмишларини эътироф этиб, сеҳргарлик китобларини тўплаб ёқиб юборишди. Тўплаб ёқиб юборилган азайимхонлар китобларини ҳисоблаганда эллик минг кумуш тангага тенг келди. Шу йўсинда Худованд фақат оддий одамларнинг эмас, шайтоннинг ҳукмронлиги остида бўлган азайимхонларни ҳам кўзларини, дилларини очди. Азизлар шу ва шунга ўхшаш кишилар ҳаёти билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бажонудил ёрдам беради.