Нарратор 1 «Измирдаги жамоатнинг фариштасига ёз: …Бошга тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман» (Ваҳ 2:10).
Ассалому алайкум. Бу воқаеа эрамизнинг 168 йилларида бўлиб ўтган. Исо Масиҳ осмонга олинганидан кейин, шогирдлар, ҳаворийлар Муқаддас Руҳни қабул қилиб, жуда кўп жойларда хушхабар айтиб, Худога хизмат қилишди. Шу меҳнатлари эвазига Измирда бир жамоат очилди. Ҳозирги Туркиянинг Измир шаҳри бир пайтлар Смирна деб аталарди. Шу шаҳардаги жамоатнинг чўпонини Масиҳийликни тарғиб қилаётгани учун қўлга олишди. Уни ҳакамлар олдига олиб келишаётганида осмондан бир овоз эшитилди: «Дадил бўл Поликарп, қандай бўлсанг, шундайлигингча қол».
Нарратор 2 Бу сўзларни нафақат Поликарп бошқалар ҳам эшитишди. Аммо бу Худонинг овози эканини англаб етишмади. Ҳакамлар уни Исо Масиҳдан юз ўгиришни акс ҳолда ёввойи ҳайвонларга ем қилишини айтиб, қўрқитишди. У айбловчиларга қарата шундай деди: «Ҳайвонларни қўйиб юборавер, фикримни ўзгартирмайман.» «Агар ёввойи ҳайвонлар сени қўрқита олмаса, оловда куйиб кул бўласан. Шунинг учун яхшиси, Исо Масиҳдан воз кеч» — дейишди. — Майли бир умр дўзах оловида қоврилгандан кўра, бир соат Раббим учун қоврила қолай! Унинг бу гапи ҳамма яҳудийлар ва бегоналарни ғазабга миндирди. Улар бақириб Поликарпни гулханда ёндиришни талаб қилишди. Бу тўпалондан сўнг бош ҳакам гулҳан тайёрлашларини буюрди.
Нарратор 1 Поликарпни ёғочга михлашаётганида, азобловчиларни тўхтатиб деди: «Мен Раббим каби хочга михланишга лойиқ эмасман. Шунинг учун ҳам мени ўз ҳолимча қолдиринглар.» Шундан сўнг унинг қўлларини ва оёқларини ёғочга маҳкамлаб боғлаб қўйишди. Шу дақиқада Поликарп Худога ибодат қилди: «Эй, Отажоним. Мени чақирганинг, нажот берганинг учун рахмат. Менинг бу дунёдаги охирги куним шу экан. Бугун Сенинг шоҳлигингга кириб, бошқа шаҳидлар каби ўз ўрнимни эгаллайман. Омин». У ибодатини тугатиши билан аскарлар гулханга ўт ёқишга киришдилар. Олов алангаланиб, унинг бошидан ҳам баландга кўтарилди. Поликарпнинг танаси олов ичида, худди олов ичидаги олтин каби порлади. Оловдан гўшт ҳиди ўрнига ширин бир тутатқининг ҳиди келарди.
Нарратор 2 Бироқ олов ҳам уни ёндира олмади. Кейин эса унинг бошини қилич билан чопиб ташлашди. Поликарпнинг танасидан оққан қон шунчалик кучли эдики, ёнаётган оловни ҳам ўчириб қўйди.
Эрамизнинг 168 йилида чиндан ҳам Туркиянинг ҳозирги Измир шаҳрида Поликарп исмли имонли яшаган. Ваҳий китобида эса ҳаворий Юҳанно айнан мана шу жамоатдаги айрим кишиларга қарата айтилган бир оят бор. Келинг мана шу оятни яна бир қайтариб оламиз: «Ўзларини яҳудий деганларнинг ҳақоратларини ҳам биламан. Улар яҳудий эмас, балки шайтон йиғинидирлар. Бошқа тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман» (Ваҳ 2:9-10)