3:23

Охирги шаҳид

MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Тарихга назар соладиган бўлсангиз, ўтмишда кўпчилик олимлар, доно кишиларни жодугар ҳисоблаб, ўтда ёқишган. Уларни тушунишмаган. Масиҳийлар босиб ўтган йўл ҳам шундай бўлган. Худо хушхабарини дилларига қабул қилиб, нажот топганлар бошқалар ҳам нажот топсин учун, уларга ҳам хушхабар айтишган. Аммо подшоҳлар, уламолар ва халқ уларни тушунмай, турли жазоларга тортишган. Шундайлардан бири 1551 йилларда Шотландияда яшаган 82 ёшли отахон эди. У беозор, ғамхўр чол эди. Аммо хушхабар айтгани учун уни черков роҳиби тутиб олиб, имондан қайтишга, черков қоидаси бўйича яшашга ундади. Аммо отахон Уолтер Милне унга шундай деб жавоб берди: «Мен сен ўлдирсанг ҳам ўлдирмасанг ҳам барибир ўламан. Аммо ҳеч қачон Исо Масиҳдан тонмайман. Шунинг учун тезроқ ўлдира қол.»

Нарратор 2 Бир пайтлар отахон Уолтер Милне ҳам черков руҳонийларидан бири бўлган, аммо ҳақиқий хушхабарни эшитгач, имонга келди. Уни бир неча марта қамоққа ташлашган, аммо у ердан қочиб, яна Худо олдидаги руҳонийлик вазифасини бажариб юраверди. Аммо бу сафар ҳам уни тутиб олишди. Қамоқхонада қийноққа солишди. Имондан қайтишга мажбур қилишди. Отахоннинг танаси кучсизланиб қолган бўлса ҳам, руҳан бақувват эди. Шунинг учун ҳам уни қийнаганлар мақсадларига етишолмадилар. Саксон икки ёшида уни тириклайин гулханда ёқишга ҳукм чиқаришди. Ҳукм куни бутун шаҳар унинг атрофига тўпланишди. Оёғида зўрға турган бўлса ҳам, халққа қараб Худонинг мақсади ҳақида гапирди. У қанча қийинчиликлардан ўтган бўлса ҳам, ҳеч қачон имондан воз кечиб, Исога хиёнат қилмаган.

Нарратор 1 У жасурлик ва имон билан гапирарди. Уни тинглаб турган имонлилар унинг сўзларидан қувват олар, ҳамда унинг учун кўз ёш тўкишарди. Аскарлар ўтинларни тахлаб, олов ёқишга тайёр қилишди. Черков руҳонийси қария Уолтер Милнега ўтинлар устига чиқиб туришни буюрди, шунда қария: — Менинг имоним, ўз-ўзини ўлдиришни гуноҳ деб билади. Шунинг учун ҳам у ерга ўзим чиқолмайман, чиқариб қўйиб, ёқиб юборсанг, бажонудил қабул қиламан – деди. Черков руҳонийсининг ўзи, қарияни тўпланган ўтинлар устига чиқариб қўйди. Ўтинлар устида туриб қария шундай деди: «Биродарлар, бугун мен ҳеч қандай қилмаган гуноҳим учун оловда ёқилаяпман. Мени Исо Масиҳга ишонганлигимда, Унинг хушхабарини айтганликда айблаб ёқишмоқда. Мендан олдин ҳам имонлилар шу тариқа Осмон Шоҳлигига йўл олишган.

Нарратор 2 Мен ҳам бугун бажонудил бу жазони қабул қиламан, чунки биламан Осмон Шоҳлигида Худойим мени кутиб турибди. Мен бу ҳаётни Худодан олганман ва жон деб Унинг учун бераман.» Қария Уолтернинг сўзлари бутун йиғилган оломоннинг юракларини ўртади. Имонлилар унинг учун ибодат қилишди. Бошқалар эса Исо Масиҳни ўша ернинг ўзидаёқ, Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилишди. Уолтер Милне ўша гулханда ёқилди. Унинг ўлимидан кейин бутун шаҳар ахли Черков Рухонийсига ҳурмат кўрсатмай қўйди. Бозорда ҳеч ким унга нарса сотмайдиган бўлди. Унинг ўлимидан сўнг, имони учун жон беришга тайёр бўлганлар сони кўпайди. Бу ғалағовурга чек қўйиш учун Шотландия ҳукумати имони учун тайинланган ўлимни бекор қилди. Шундай қилиб қария Уолтер Шотландиянинг охирги шаҳиди бўлиб қолди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top