Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломнинг Шоҳлар китобига қарасангиз, унда жуда кўп шоҳларнинг ҳаёт йўли, тарихи, давлатни қандай бошқаргани ҳақида яхши маълумотларга эга бўласиз. Назаримда, бирор бир ташкилотга бошлиқ бўлмоқчи бўлган одам, ёки бошлиқ бўлиб турган одам, бу китобларни ўқиб чиқса, Худонинг назаридаги энг яхши бошлиқ қандай бўлишини билиб олган бўларди. Худо кўп шоҳларни шоҳ этиб тайинлаган бўлса ҳам, уларнинг ҳаммасидан ҳам кўнгли тўлмаган. Жуда кўп шоҳлар Худодан юз ўгириб, бутларга сиғинишган. Бунинг натижасида, қилган гуноҳларининг жазосидан қочиб қутула олмаганлар. Яҳудода Омон деган киши шоҳ бўлди. У ҳам аввалги ёвуз шоҳларнинг йўлидан юриб, Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди. Бироқ Оммон ўлгач, унинг ўрнига саккиз ёшли ўғли Йўшиё тахтга чиқди.
Narrator 2 Хўш, бутпараст, доимо қабиҳ ишлар қилган отадан туғилган бу болакай қандай шоҳ бўлди? Таажубки, у отасининг хатоларини такрорламади. Муқаддас Калом у ҳақида шундай дейди: «Йўшиё саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўттиз бир йил ҳукмронлик қилди. Йўшиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғишмасдан, бобоси Довуднинг йўлидан юрди.» (4 Шоҳ 22:1-2). Қандай ажойиб! Умринг охирлаб, Худо сен ҳақингда умумий бир фикр билдирмоқчи бўлса, юқоридаги фикрдан ажойиби бўлмаса керак. Албатта ҳар бир одам, умри давомида кўп хато қилади. Бироқ юраги Худога тўғри бўлса, Худо хатоларини тўғрилаб, ҳаётини баракалайди. Йўшиё ҳам хато қилган, аммо хатоларини вақтида англаб, уларни тўғрилаган. Йўшиёнинг Шофон деган котиби бор эди. Шоҳ Шофон орқали маъбадга шу ҳабарни етказди:
Narrator 1 «Эгамизнинг уйига келтирилаётган кумушлар, Эгамизнинг уйида хизмат қилаётган ишбошиларга берилсин. Ишбошилар эса, маъбадни тузатаётган бинокорларга, тош терувчиларга берсин. Уларнинг ҳисоби сўралмасин, чунки улар ҳалол ишлашяпти» (4 Шоҳ 22:3-7). У Худонинг маъбадида ишлар қандай кетаётгани билан астойдил қизиққан, маъбаднинг таъмирланишини назорат қилиб турган. Маъбадни таъмирлаётган ишчиларнинг ҳалол ва сидқидилдан ишлашаётганини ҳам билган. Шунинг учун, улардан пулнинг ҳисоби сўралмасин, деб буйруқ берди. Ҳалол ишлаётган ишчилардан пулнинг ҳисобини сўрамаслик, адолатдан бўлади деб ҳисоблаган. Маъбадда таъмирлаш ишлари кетар экан, руҳоний Ҳилқиё Таврот китобини топиб олди. Кейин эса уни шоҳнинг котиби Шофонга берди. Шофон эса ўз навбатида бу китобни шоҳга етказди ва ўқиб берди.
Narrator 2 Тавротда ёзилганларини эшитар экан, ундан олдин ўтган шоҳлар ва халқ Худодан қандай юз ўгирганини, натижада Худо уларни жазолагани ҳақида билиб олди. Бу сўзларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртиб ташлади. У ўзи ҳақида Худонинг фикрини билиш учун пайғамбарлар олдига одамларини жўнатди. Кейинчалик эса, Худо айтганига мувофиқ иш тутишга ҳаракат қилди. У Худонинг Каломида ёзилганларига кўра, ўзига яхши хулоса чиқариб олди. Биз ҳам баъзан ўзимиз билмаган ҳолда хатолар қиламиз, бу ишларимиз Худога ёқмаслигини сезмаймиз. Аммо Худонинг Каломи бизга нима тўғри-ю, нима нотўғри эканини кўрсатади. Фақат шоҳ Йўшиё каби, ўз вақтида хатоларимизни, кўриб, уларни тўғриласак бас. Худо инсонлар ҳаётида қандай ишлашини билиб олишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз бу борада сизга кенгроқ маълумот беради.