Narrator 1 «У қўй каби бўғизлашга етакланди. Қўзи жун қирқувчиси олдида қандай индамай турса, У ҳам Ўз оғзини очмади. У хўрланиб ҳаққониятдан маҳрум бўлди, ер юзидаги умрига хотима берилди. Унинг насл-насабини ким зикр этур?» (Ишаё 53:7).
Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан бўлишадиган гувоҳлигимиз эгаси анча қариб қолган. Унинг ёшлиги 1920 йилларга тўғри келади. У оиланинг энг каттаси ва онасининг ёрдамчиси эди. У Исо Масиҳга қандай келганини шундай ҳикоя қилади:
«Мен оилада катта қиз бўлганим учун онам менга суяниб қолганди. Ундан ташқари, онамнинг кўзи кундан-кунга хиралашар, бир ишни мустақил бажаришга қийналарди: Унинг кўзлари ёмонлашган сари, онам қиладиган ишларни ҳам ўз қўлимга ола бошладим.
Narrator 2 Онам бир томондан унга ёрдамчи бўлиб қолганимга хурсанд бўлса, бошқа томондан кўзлари кўрмай, дардисар бўлиб бораётганидан сиқиларди. Ўша пайтларда фақат отам ишлар, бир ўзи топгани етти болали оилага зўрға етарди. Шу сабабдан, онамни докторга олиб боришга ҳам қурбимиз етмасди. Мен эса мумкин қадар ота-онамга ёрдамлашишга ҳаракат қилардим. Онамнинг кўзлари анча хиралашиб қолгач, мактабга ҳам бормай қўйдим. Ўшанда олтинчи синфга ўтган эдим. Бутун куним уйда, уй ишларини қилиш, укаларимга қараш, дазмол босиш, кирларни ювиш, товуқларга дон бериш, ҳовлидаги экинларга қараш, овқат пишириш билан ўтарди. Бир куни холам менга мактабимиз ёнидаги бинода йиғилиш бўлишини, Бастлтон исмли воиз Худо ҳақида гапиришини айтиб қолди.
Narrator 1 Тўғрисини айтсам, ўша йиғилишга жуда ҳам боргим келди. Аммо бунга отам рухсат беришига ишончим комил эмасди. Отам жуда қаттиққўл инсон эдилар. Қариндошларимиз орасидан фақат шу холамгина художўй аёл эди. Отам эса унинг Худо ҳақидаги ҳикояларини, бизга ўргатадиган ашулаларини ёқтирмасди. Шундай бўлса ҳам, онамга ўша жойга боришимга отамни кўндириб беришини илтимос қилдим. Отам менга жуда қийинчилик билан жавоб берган бўлса ҳам, ўша ерга ўзи олиб бориб қўйишини айтди. Бу мен учун кутилмаган ҳолат эди. Бордим. Мен воизнинг сўзларини киприк қоқмай эшитдим. Умримда бундай ажойиб, дилга ёқадиган хабарни эшитмагандим. У Исо Масиҳ ҳақида гапирарди. Унинг Исо Масиҳ ҳақида айтган қуйидаги сўзлари бир умр ёдимда қолди: «У қўй каби бўғизлашга етакланди. Қўзи жун қирқувчиси олдида қандай индамай турса, У ҳам Ўз оғзини очмади. У хўрланиб ҳаққониятдан маҳрум бўлди, ер юзидаги умрига хотима берилди. Унинг насл-насабини ким зикр этур?»
Narrator 2 Мен Худо ҳақида кўп билмасам ҳам, Унга яқин бўлиш, Уни ҳаётимга таклиф қилиш истаги туғилди. Ўша кечадаги йиғилишдан сўнг, ҳоламдан менга Худо ҳақида кўпроқ айтиб беришини сўрадим. Мен чиндан ҳам Худони яхшироқ билишни истадим. Ўша куни йиғилишда гапирган воиз Исо Масиҳнинг қандай қилиб қўй каби бўғизланишга олиб боришганида ҳам уларга қарши чиқмаганини, У бизнинг гуноҳларимиз, ноҳақликларимиз учун азобланганини жуда аниқ ва чиройли қилиб тушунтириб берган эди. Бундан кейин ҳаётимда жуда кўп қийинчиликлар бўлди. Бироқ Худо билан илк учрашувда эшитган каломим ҳаётим давомида менга далда бўлди. Мен Исо Масиҳнинг биз учун қанчалик азоб чекканини қисман бўлса ҳам тушуниб етдим.»