Narrator 1 Ассалому алайкум, қадрдонлар. Мусо пайғамбар ёдингиздами? У ҳақида эшитмаган имонли топилмаса керак. Мусо ҳеч қачон Исроил фарзандларини Фиръавннинг қўлидан олиб чиқиб кета олмасди. Унинг ўзи, ўнта офатни ёғдира олмасди. Унинг ўзи, ўз кучи билан Исроил халқини Фиръавннинг қўшинидан омон сақлаб қола олмаган бўларди. Қизил денгизни иккига ажрата олмаган ва халқни самовий озуқа билан таъминлай олмасди. Буларнинг бари Худонинг иши. Худо шу ишларни Мусо орқали қилиши учун Мусодан талаб этилган нарса имон эди. Худо ўз айтганларини Мусо орқали қилишига Мусо чин дилдан ишониши керак эди, ва у шундай қилди.
Narrator 2 Худога бўлган ишончисиз, Ëшуа Исроил халқини Иордан дарёсидан олиб ўта олмасди. Худога бўлган имонсиз, у душман истеҳкомини ер билан яксон қила олмасди. Фақат Худогина бу ишларни қила оларди. Ëшуадан талаб этилган нарса Худога имон келтириш ва Унга ишониш эди ҳолос.
Бу қоида Янги Аҳддаги шогирдларга ҳам тегишли. Ўз кучлари билан улар минглаб одамларнинг қорнини тўйғиза олишмасди, кўпларни соғайтира олишмаган бўларди. Бу ишларни фақат Худо қила оларди. Бироқ Худо ўз хизматчиларини танлаб улар орқали мана шундай буюк ишларни қилди. Худога ишонган имонлилар эса, Худога ўзлари орқали ишлашларига рухсат беришди. Имон билан бунга рози бўлишди.
Агар бугун, Худо сиз орқали бирор нарса қилмоқчи эканини маълум қилса, ишончингиз комил бўлсин-ки, бу фақат Худо қила оладиган нарса бўлади. Шундай пайтда ўз кучингиз ва донолигингизга таяниб, Худога рад жавобини берманг. Имон билан Худо сиз учун тайинлаган ишга киришинг.
Narrator 1 Бу ишни Худо сиз орқали қилмоқчи. Сизнинг Худога бўлган имонингизнинг қай даражада кўп ёки камлиги ишингизда кўринади. Агар сизни чақирган Худога эътиқод қилсангиз, Унга ишонсангиз, Унга албатта итоат қиласиз. Шундагина У сизнинг ҳаётингиз учун режалаштирган ишдан олиб ўтади. Агар имонингиз камлик қилса, Худо сиз орқали қилмоқчи бўлган ишни қила олмайсиз. Бу эса итоатсизлик деб аталади.
Худо сизни бирор бир хизматга чақирганида, ўз кучингизга ва ақлингизга таяниб иш кўрсангиз, Худо сиз учун тайинлаган иш имконсиз бўлиб кўринади. Бироқ агар шундай пайтда Худога қарасангиз ва Унга ишонсангиз, бу ишни қилишга киришасиз. Худо эса, Ўзининг қудрати ва мўъжизалари билан сизни мана шу ишдан эсон-омон олиб чиқади. Агар акси бўлса, Худонинг чақирувини рад этиб, итоатсизлик қилган бўласиз. Худо эса итоатсизликни ёқтирмайди.
Narrator 2 Муқаддас Каломда Исо Масиҳ шогирдларига шундай деган эди: «Нега сизлар Мени «Ë Раббим, ё Раббим», — деб чақирасизлар-у, аммо айтганларимни қилмайсизлар?». Исо Масиҳ бу дунёда экан шогирдларини имонсизликлари учун тез-тез койиб турарди. Уларнинг ишончсизлиларидан биз ўшанда шогирдлар Масиҳнинг кимлигини тўлиқ англаб етмаганини кўришимиз мумкин. Улар Исо Масиҳнинг нималарга қодирлигини билишмасди. Бу нарса биз имонлиларга ҳам тегишли. Агар Исо Масиҳга ишонмаётган бўлсангиз, демак ҳали Унинг кимлигини тўлиқ англаб етмабсиз. Чиндан Худонинг кимлигини билган имонли, ҳеч иккиланмай, Худонинг чақириғига «Лаббай», — деб жавоб беради.