MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломдаги яна бир шахснинг ҳаёти бизга ҳаётимиз давомида ўзимизни қандай тутишимиз кераклигини, Худога итоат қилганимизда ва қилмаганимизда Худонинг бизга бўлган муносабатини кўрсатади. Бу қаҳрамон аёл киши бўлишига қарамай, ҳар бир имонлига қандай яшаш кераклигини ўргата олади. Бугун ҳаётидан ўрнак олишимиз мумкин бўлган шахс бу – Мусонинг опаси Марям. У леви авлодидан бўлган Имром ва Йўхадавнинг қизи эди. Уларнинг оиласида ўғил туғилди. Бу ўғил туғилганида Фираъвн яҳудийларнинг туғилган ўғил чақалоқларини ўлдиришни буюрганди. Шундай бўлса ҳам, бу оила имон билан чақалоқни уч ой яшириб юрди. Ундан ортиқ яшириб юролмаслигига кўзи етгач, чақалоқнинг онаси билан опаси уни саватга солиб, сувга оқизди.

Narrator 2 Чақалоқнинг ўша опаси Марям эди. Чақалоқ эса Мусо эди. Марям укаси Мусонинг ҳаёти қандай ўтганига гувоҳ бўлган, унинг тирик қолишидаги Худонинг режаларига у ҳам бевосита аралашган эди. Худо Мусони сақлаб қолиш учун опаси Марямни ишлатди. Онаси уйга кетгандан кейин ҳам Марям Худонинг хоҳиши билан қизиқиши устун чиқиб, «Унинг тақдири нима бўларкин» , деб узоқдан кузатиб турди. У укасини яхши кўришини унинг қилган ишларидан, дадиллигидан билиш мумкин. Фиръавннинг қизи чақалоқни топиб олганида, ҳеч қўрқмай унинг олдига бориб: «Бориб, иброний аёллардан бирортасини чақириб келайми? У энагалик қилиб, сизга чақалоқни боқиб беради» — деди. У қўрқмас бўлиши билан бирга доно ҳам эди. Худо унга дадиллик ва донолик берганди. У бориб, ўз онасини укасига қараш учун олиб келди. Бу жуда ажойиб иш эди.

Narrator 1 Марям кичик бўлишига қарамай, Худонинг режасидан оғишмай ҳаракат қилди. Мусонинг саройга олинишидан то қайтиб келиб, халқни қутқарадиган пайтгача Марям ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Худо уларни Қизил Денгиздан эсон омон олиб ўтгач, халқ ва Мусо Худога ҳамду – сано куйлади. Худди ўша ерда Калом Марямни пайғамбар деб атайди. Бу ҳақида фақат бир жойда бор. Келинг, ўша жойни Каломдан ўқиймиз: «Ҳоруннинг синглиси пайғамбар Марям чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар. Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди: «Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди. Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди» (Чиқ 15:20-21).

Narrator 2 Худо уларнинг ҳаётида мўъжиза кўрсатганида, Худовандни куйлаган Марям баъзан ўзи билмаган ҳолда, инсоний онгига суянган ҳолда гуноҳ қилган пайти ҳам бўлган. Биз ҳам баъзан билиб-билмай, гуноҳ қиламиз ва қийналамиз. Марям қандай нотўғри иш қилган эди? Мусонинг Ҳабашистонлик аёлга уйлангани Марям билан Ҳорунга ёқмай иккови ҳам Мусога қарши гапиришди: «Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганмиди?!» — дейишди. Худо уларнинг бу гапларини эшитиб, улардан қаттиқ ғазабланди. Кейин эса Марямни мохов қилиб қўйди. Марям мохов бўлиб етти кун қароргоҳдан узоқлаштирилди. Етти кундан кейингина мохови ариб қайтиб келди. Қилган гуноҳи учун етти кун шарманда бўлиб, қароргоҳдан узоқда юрди. Худо унинг қилган гуноҳини мана шундай жазолади. Бу жазо унга жуда яхши сабоқ бўлганига шубҳа йўқ. Биз ҳам унинг ҳаётидан ўрнак олиб, Худога итоатсизлик қилишдан сақланайлик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top