MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ота-она фарзанд кўрмасидан олдиноқ, унга муносиб, ҳаёт йўлида унга омад келтирадиган, кишилар дилига хуш ёқадиган исм танлашга ҳаракат қилади. Исм чиндан ҳам кишининг характерига таъсир кўрсатиши мумкин. Исмларнинг маъноси чиройли бўлгани яхши. Буни Мика пайғамбарнинг ота-онаси жуда яхши билган кўринади. Мика исмининг маъносини биласизми? Жуда ажойиб. Бу исм «Яҳвега ўхшаш», — деган маънони билдирар экан. Худога ўхшаш бўлишни, У каби меҳрибон, У каби иноятли, У каби кечиримли, У каби солиҳ ва У каби садоқатли бўлишни ким ҳам истамайди?! Бутун ҳаётимиз Унга ўхшаш бўлишга ҳаракат қилиш билан ўтади. Руҳий ҳаётимизнинг мақсади ҳам ана шу. Мика пайғамбар исмига мос инсон бўлганмикан? Келинг, бу ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўламиз. Мика пайғамбар асли Яҳудиянинг Морешет деган жойидан бўлган.

Narrator 2 У Яҳудо шоҳлари Йўтам, Ахаз ва Хизқиёлар даврида пайғамбарлик қилган. У Ишаё пайғамбарнинг замондоши бўлган. Агар шоҳларнинг ҳукмронлик қилган йилларига қарайдиган бўлсак, Мика пайғамбар таҳминан 50-60 йиллар пайғамбарлик қилган. Бу жуда узоқ муддат. Асли Яҳудолик бўлгани билан икки шоҳлик Исроил ва Яҳудо давлатига Худонинг сўзларини етказган. Бу халқларга Худованд Мика пайғамбар орқали қилган гуноҳлари эвазига келажак ҳукмлар ҳақида, Худонинг нажоти ҳақида, халқнинг қилаётган гуноҳларига Худонинг муносабати ҳақида гапирган. Худованд Мика пайғамбар орқали халқ қилаётган баъзи гуноҳларни масалан бутпарастликни, кишиларнинг ёвуз режалари-ю қилмишларини, жодугарликни, ёлғончиликни, бузғунчиликни қоралаб, халқни бундай ишлардан тийилишга чақирган.

Narrator 1 Худованд Мика пайғамбарга шу гуноҳларга қарши сезгир юрак берган. Яҳудо ва Исроил халқи орасида яшаб, Мика пайғамбар ҳар иккала халқнинг гуноҳлари бир хил эканлигини кўрган. Худованд бир хилда мана шу икки шоҳликни гуноҳдан тийилишга чорлаётганини ҳис қилган. Биласизки, Худованд ким орқали ишлашга қарор қилса, шу одамга Ўзининг Муқаддас Руҳидан берган. Худонинг Муқаддас Руҳидан руҳланган пайғамбарлар, ҳакамлар ва шоҳлар Худонинг ниятини халққа етказишган. Мика пайғамбарда ҳам Худонинг Муқаддас Руҳи бўлган. У жуда узоқ вақт Худога садоқат билан хизмат қилган. Узоқ вақт Худонинг хизматини қилиш учун инсон тинмай Худо билан муносабатда бўлиши, доимо Худога итоат қилиши ва Худони тинглашни ҳам билиши керак.

Narrator 2 Билишимизча, бугунги кунда Худо фарзандларига айнан мана шу нарсалар етишмайди. Худонинг овозини эшита билиш, У билан муносабат қилишга бўлган кучли иштиёқ ва ниҳоят итоаткор бўлиш.

Пайғамбарларнинг ҳаёти осон бўлмаган. Мика пайғамбар ҳақида Каломда кўп нарса ёзилмаган бўлса ҳам, унинг халққа етказган сўзларидан хизмати осон кечмаганини билиш мумкин. Халқ ҳар доим ҳам ўз гуноҳини эшитишни ёқтирмаган. Баъзан Худонинг сўзларини етказгани учун қувғинларга ва қийинчиликларга ҳам дуч келган бўлиши мумкин. Мика халқ орасида юриб уларнинг заифликлари, гуноҳи ва қийинчиликларини яхши билган. У учун Еремия пайғамбарчалик йиғлаб ибодат қилмаган бўлса ҳам, улар учун ибодат қилгани аниқ. Чунки Худованд халққа Мика орқали келажак ҳақида башоратлар бериб, уларнинг дилида умид уйғотган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top