Ассалому алайкум қадрдон, тингловчи опа-сингиллар. Биз сизлар билан қанча сухбатлашмайлик барибир биз сухбатлашадиган мавзу тугамайди. Аёл оиланинг устуни экан, унинг соғлом бўлиши xам атрофидагиларнинг ғамхўрлигига, xам ўзига боғлиқ. Айниқса аёл ўз холатига соғлом фикр билан қараса, ўзининг хали фарзандларига, турмуш ўртоғига ва яқинларига керак эканлигини англаса, ўз соғлиги хақида қайғуради. Шунинг учун xам биз сизлар билан бир неча сафардан бери фақат соғлиқ xақида сухбатлашаяпмиз. Бунинг сабаби xам бор. Мана қиш фасли келиб кунлар анча совиб қолди. Бу пайтда эса xар бир киши ўзини жуда эхтиёт қилиши керак. Аёл кишининг бир кунлик xаёти турли хил ташвишлар, тинимсиз харакатлар билан ўтади. Шу кун давомида аёлнинг асаби неча марта таранглашаркин? Биз кун давомида баъзан сабабли баъзан сабабсиз асабийлашамиз. Бунинг натижаси қандай бўлиши хақида ўйлаб хам кўрмаймиз. Бизни диққат билан тинласангиз асабийлашишнинг оқибатлари хақида маълумот берамиз. Асаб тизими хасталиги фақат ўзича чегараланган хасталик бўлиб қолмасдан, кўпгина касалликларга, жумладан гипертония, атеросклероз, мия инфаркти, мияга қон қуйилиши, миокард инфаркти, меъда яраси, неврозларга олиб келади. Иқтисодий қийинчиликлар ёки турмушдаги баъзи бир муаммолар асаб касалликларининг “ёшариши”га сабаб бўлади. Мия инсулти ногиронликка сабаб бўлувчи бош миянинг оғир касаллигидир. Мияни озиқлантирувчи қон томирларнинг қисилиб-беркилиб қолиши оқибатида миянинг маълум қилсмларига қон бориши тўхтайди, натижада шу жойлар қонсизлашади. Бундай холларда бош мия фаолиятининг қайси даражада бузлиганлиги ва оғирлиги бош миянинг зарарланган жойига қараб хар хил бўлади. Одам кўпинча ёмон қайғули хабар эшитганда, тушкунликка тушганда, асабнинг қаттиқ бузилиши туфайли, бирданига тилдан қолади, гапга тушунмайди, қўл ва оёқлари бир томонда фалажланади ва хушидан кетади. Бу оғир дардга 60-70 ёшли кишилар ёшларга нисбатан кўпроқ учрайдилар. Лекин ёшлардан хам бу дард аста секин кўпайиб бормоқда. Замонавий мураккаб асбоблар ва қон биокимёвий тахлилини чуқур ўрганиб, марказий асаб тизимининг ва қон томирлар фаолиятининг билинар билинмас, нозик бузилишлини пайқаса бўлади. Чунки бемор ўзини мутлақо соғлом деб хисоблаган пайтда унинг организмида мода алмашинувининг ўзгариши, қонининг биокимёвий таркиби, қонида ёғ моддаларининг пайдо бўлиши, мия инсултидан анча олдин рўй беради. Мия инсултининг дастлабки белгилари:
мия қон айланиши етишмаслигининг бошланғич кўринишлари;
мия қон айланиши бузилишининг ўтиб кетувчи қонсизланиб туриши холлари.
Мия қон айланиши етишмаслигининг бошланғич кўринишлари – мия қон томир хасталигининг айни шу босқичлардан сўнг оғир мия инсулти содир бўлиши мумкин. Касалликнинг шу даврида бош мия қон томирларида бузилиш жараёнининг янада авж олиб кетишини тўхтатишга қаратилган зарур чора-тадбирлар яхши самара беради. Касаллик белгиларини бемор шикоятидан билиб олиш мумкин. Бемор ўз холатига вақтида эътибор бериб, бу хақда врачга аниқ сўзлаб берса, ёрдамни ўз вақтида олади. Айтиш керакки дастлабки белгиларни на беморнинг ўзи, на врач пайқай олади, чунки дамба-дам бош оғриши ёки бош айланиши, сабабсиз кўнгил айнимасдан қусиш, мияда қон айланиши етишмаслигига боғлиқ эканлигини дархол билиш қийин бўлади.
Киши кундалик xаётида қанча кўп асабийлашса, унда асаб толаларининг емирилиши шунча кўп бўлади. Шунинг учун xам инсон ўз соғлигига жиддий эътибор бериши, бўлар, бўлмасга асабийлашавермаслиги, тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиши керак. Инсон ёшлигидан иложи борича, ёғсиз, сабзавотли ва дармондориларга бой таомларни истеъмол қилса, қариганида хам ўзини яхши хис қилади. Асабийлашишингиз мумкин бўлган холларда бошқа бир хонага ёки четроққа ўтиб, 10, 30 ёки 100 гача сананг. Санаш давомида чуқур-чуқур нафас олинг. Кўзингизни юмиб яхши холатларни ўйлашга харакат қилинг. Бу харакат сизга ёрдам беради. Ундан ташқари таркибида холестерини бўлмаган ёғлардан ишлатинг. Хаётда қийинчиликлар бўлсада, у давом этади. Шунинг учун ўзингизни асранг.