3:25

Эшик ёпиқ эмас

MP3

Narrator 1 Бир куни мен уйимда Калом ўқий туриб, Худонинг овозини эшитгандай бўлдим. У менга Канадага бориб хизмат қилишим кераклигини айтди. Ўша ҳафта ичида жамоатимиз аъзолари ва ибодат гуруҳи билан учрашиб, уларга Худонинг чақириғини айтдим, улардан мен ва оилам бу чақириқ ростдан ҳам Худодан эканлигини билиш учун ибодат қилишларини илтимос қилдим. Улар икки ҳафта давомида ибодат қилишди. Кейин эса «Йўқ», деган жавобни беришди. Жуда ҳайрон бўлдим. Ахир, менга Худо гапираётганини аниқ сезган эдим. Баъзи жамоат аъзолари менга «Янглишган бўлишинг мумкин. Демак бу Худонинг иродаси эмас экан», — дейишди. Мен эса ич-ичимдан Худо мени ўша ерга чорлаётганини ҳис қилиб турардим. Ўзим уйда ибодат қилдим. Худонинг бошқарувини сўрадим. Кейин эса яна ибодат гуруҳи билан гаплашиб, уларни бу учун яна бир марта ибодат қилишларини сўрадим.

Narrator 2 Бу сафар Худонинг олдига сўроқларни аниқ қўйиш лозимлигини тушунтирдим. «Балки биз Худодан Саскатоннинг ўзига бориш ҳақида сўраётгандирмиз?! Худо эса бошқа бир жойини назарда тутаётгандир. Ҳозир балки бориш учун яхши вақт эмасдир. Шунинг учун илтимос яна бир марта Худодан тўғри сўраб ибодат қилиб кўрайлик»- дедим. Улар яна ибодат қилишда давом этишди. Мен ҳам. Ибодат қилар эканман, Худованд менга Мусо пайғамбарни эслатди. Унинг айнан Худо олдига қайта-қайта келиб ибодат қилишини менга ўрнак қилиб кўрсатди. Мусо ёдингиздами? Худованд унга Исроил халқини Миср диёридан қулликдан чиқаришини айтиб, уни Фиръавн ҳузурига юборган эди. Фиръавн нима қилди? У халққа аввалгидан ҳам кўпроқ қийинчиликлар бериб, Мусога рад жавобини берди.

Narrator 1 Агар ўшанда Мусонинг ўрнида бўлганимда, бу Худонинг иродаси эмас экан, демак мен янглишибман, дея қўлимни ювиб қўлтиғимга урган бўлардим. Аммо Мусо нима бўлаётганини тушунмади. Халқдан гап эшитди. Фиръавндан рад жавобини олди, унинг ҳузурига бориб, халққа яна ҳам оғирлик тушириб қўйди. У инсон сифатида ўшанда ёнаётган бута ичидан туриб гапирган чиндан ҳам Худо бўлганига, уни бу ерга ростдан ҳам Худо жўнатганига шубҳаланиши мумкин эди. Шундай қилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо у энг тўғри йўлни танлади. Яна қайтиб Худонинг олдига борди. У Худодан режаларинг қандай? Энди мен нима қилишим керак? Кейинги босқич қандай? – деб сўради. Худо эса унга бундан кейин нима қилмоқчи эканини айтди. Мусо ҳар сафар Фиръавннинг ҳузуридан рад жавобини олиб чиққанида Худонинг олдига борди.

Narrator 2 Бу жуда яхши мисол эди. Мен шу ҳолатни ўйлаб, яна Худога ибодат қилиб, айнан мени қаерга ва қачон юбормоқчи эканини сўрадим. У менга Канадага юбормоқчи эканини айтди, бироқ вақтини айтмади. Шунда Худонинг айтган вақти келгунча ибодат қилишда давом этдим. Доимгидай ишларимни давоб эттирдим. Калом ўқиб, руҳан озуқа олишни тўхтатмадим. Ишонасизми, олти ойдан сўнг Худованд сокин вақт пайтида менга: «Вақти бўлди!»,- деди. Мен аввал ниманинг вақти бўлганини англай олмадим. Кейин эса Муқаддас Руҳ менга Канадага бориш ҳақида эслатди. Оилам билан гаплашиб, ишларимни ҳал қилиб, худди Иброҳим пайғамбар каби йўлга тушдим. Мен ҳато қилмаган эдим. Худо мени бу итоаткорлигим, тўғри ҳаракатим учун баракалади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top