2:35

Уй гуруҳлари 42

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Яна сизлар билан радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга шон-шарафлар бўлсин. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг.

Ҳурматли биродарлар, уй жамоатларига асосланган кичик уй гуруҳларининг соғлом ўсиб бориши учун тўртта асосий қадам мавжуд. Биринчи қадам, уй гуруҳларининг кўпайиб бориши; иккинчиси, гуруҳни олиб борадиган усуллар қўллашга қулай бўлиши.

Учинчиси, ҳар бир гуруҳ аъзосининг йиғилишда актив иштирок этиши, ва охиргиси, шу билан бирга ҳозирги кунда анчагина дефицит бўлиб қолган камтарин етакчилардир. Мана шу тўртта қадам кичик уй гуруҳларининг ўсиши учун катта ёрдам бўла олади, деб айтишимиз мумкин.

Халқимизда бир ажойиб гап бор: “Туриб қолса сув ҳам сасийди”- деб айтишади. Ушбу мақол жамоатларнинг соғлом бўлиши учун кўпайиб туриши кераклигини англатади.

Азизлар, азалдан ҳар биримизга маълумки, агар гуруҳлар кўпайиб турмаса, имонлиларнинг кўпайиши ва гуруҳнинг ўсиши анча сусайиб қолади. Уй гуруҳларининг асосий мақсади: имонли биродарлар кўпайиб, гуруҳни янада катта қилиш эмас, балки айнан сизникидек уй гуруҳларининг сонини кўпайтиришдир.

Бу дегани, имонлиларнинг сони мамлакатда кўпайиб боряпти деганидир. Гуруҳларнинг сони эса ўз-ўзидан кўпайиб қолмайди. Бунинг учун ҳаракат қилиш ва меҳнат қилиб Хушхабар айтиш керак деганидир.

Гуруҳларнинг сони кўпайиши учун ҳар бир уй гуруҳлари ўзларининг режаларига кўпайишни режа қилиб қўйишлари керак. Ҳар доим яхши ниятларга эришиш учун ҳамма нарсани олдиндан яхши ўйлаб, кейин режалаштириш керак.

Шу сингари, агар биз уй гуруҳларини кўпайтирмоқчи бўлсак, демак, кўпайиш учун пухта режани олдиндан тузиб олишимиз керак бўлади. Гуруҳ аъзолари ҳам ҳар бир қилинган режа ҳақида хабардор бўлсалар ва шу режаларни амалга ошишда иштирок этсалар, янада мақсадга мувофиқ бўларди.

Агар имкон бўлса, гуруҳдаги имонда мустаҳкам бўлган биродарларга ҳам янги уй гуруҳларини ташкил қилишни таклиф қилиш — уларни янада руҳлантиради. Ҳурматли биродарлар, ҳар биримиз Худога хизмат қилишимиз — имонлиларнинг сонини янада кўпайишига олиб келади.

Ҳар бирингизни ушбу хизматда Худованд қўллаб-қувватласин. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни сизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, марҳамат, ёзиб олинг: www.najot.com

Хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top