Ассалому алайкум азиз радио тингловчи, азиз мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан бағоят хурсандмиз.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, илтимос, мени тўғри тушунишингизни сўрайман. Бугунги кун масиҳийлари доимо ўз-ўзларини текшириб туришлари лозим. Ҳаворий Павлус 2 Коринфияликларга мактубининг 13 боби 5 оятида шундай деб ёзган эди:
“Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар: Исо Масиҳ ичингизда эканлигини биляпсизларми? Билмасангизлар мақбул эмассизлар”.
Ҳаворий Бутрус ҳам ўзининг 2 Бутрус китобининг 1боби 10 оятида шундай деб ёзган эди: “Сизлар топган улуғ нажот тўғрисида қадим замон пайғамбарлари ҳам каромат қилганлар, улар Худо иноятининг моҳиятини синчиклаб текширинглар”.
Азиз биродарлар, биз ўз жамоатларимизда қутлуғ кечада иштирок этганимизда, Худованд ҳар биримизга ўз-ўзимизни текшириб кўришга имконият беради. Ўз-ўзимизни текширишдан мақсадимиз — ўзимиздаги камчиликларимизни қидириб ва шу орқали ўзимизни Худога нолойиқ эканман деб айтиш эмас.
Аксинча, камчиликларимизни кўрганимизда, Худованд олдида тавба қилиб тинч юракка эга бўлишдир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Худованддан шу камчиликларимизни тўғрилашга имкон беришини сўрашимиз лозим.
Азиз биродарлар, бизнинг топган нажотимиз учта аспектга бўлинишини яхши билсак керак. Жумладан, ўтган замон, ҳозирги замон ва келажак. Мана шу аспектларга аҳамият берганимизда, Худованд бизларни қанчалик ўзгартирганини кўришимиз мумкин.
Бунинг учун, албатта, ўзимиз ўзгаришга ҳаракат қилишимиз керак. Агар чин юракдан ўзгаришни истаб Худодан шуни сўрасак У, албатта, ҳар биримизнинг ҳаётимизни яхши томонга ўзгартира олади.
Чунки каломда айтилганидек, Худованд ҳар биримизда бошлаган ишини охиригача амалга оширишга қодирдир. Азиз биродарлар, ҳаётимиз давомида руҳий жанг давом этиб турар экан, Худованддан ҳар биримизга ёрдам беришини ва шу жангда ғолиб чиқишимизни сўрайлик.
Шунинг билан, азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Азизлар, мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна радиомиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.