Ассалому алайкум азиз радио тингловчи, азиз мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан бағоят хурсандмиз.
Азиз биродарлар, ким Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирган бўлса, Худованд томонидан берилган ажойиб совғага эга бўлганмиз. Раббимиз Исо Масиҳга Худованд кимни топширган бўлса, У шу инсонни авайлаб севиб сақлайди.
Ҳар қандай шароитда ҳам Раб Исо ҳеч кимни ташлаб қўймайди ва Ўзининг ёнидан ҳайдаб юбормайди. Юҳанно мактубининг 6 боби 38 ва 39 оятларида Исо Масиҳ шундай гапларни айтгани ёзилган.
Келинг, азиз биродарлар, биргаликда ушбу оятларни ўқиб кўрамиз: “Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман. Мени юборганни иродаси, Унинг Менга берганларидан ҳеч бирини йўқотмаслигим, балки охирги кунда уларнинг ҳар бирини тирилтиришимдир”.
Раббимиз Исо Масиҳнинг мана шу истагини ҳеч ким инкор қилолмайди. Унинг қўйган ушбу муҳрини ҳеч ким бузолмайди. Чунки ушбу оятдаги гапларни Раббимиз Исо Масиҳ айтган. У сиз билан бизни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсага тайёрдир.
Масалан, ҳар бир она ўзининг боласини турли хил ёвузликдан ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсадан воз кечиши ва ҳамма нарсага рози бўлиши ҳам мумкин. Азизлар, бу инсонларнинг бир-бирига бўлган муҳаббатининг бир кўринишидир. Худованднинг биз инсонларга бўлган муҳаббатини эса ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди.
Айнан шунинг учун ҳам имонли биродарларимиз шайтоннинг турли ҳужумларидан чўчимаслиги керак. Чунки Ҳимоячимиз бор. Лекин доимо зийрак бўлиб туриш -янада имонимизни мустаҳкам бўлишини таминлайди. Азиз радио тингловчи биродарлар,
Худованд биз инсонларни шунчалик севар экан, Уни ҳам номига шон-шарафлар айтайлик. Ўзимизнинг куй-қўшиқларимизда доимо Уни исмини олқишлайлик. Раббимиз Исо Масиҳ жуда қиммат тўлов эвазига ҳар бир инсон учун абадий ҳаётни сотиб олганини билсак керак.
Раб Исо шу абадий ҳаётни барча хоҳловчи инсонларга беришни истайди. Кимдир абадий ҳаётга эга бўлишни истаса, ҳозирнинг ўзида Худодан сўраши мумкин. У, албатта, текинга беришни истайди.
Ҳурматли радио тингловчи, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясаб, сизлар билан хайрлашсак. Шу билан бирга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини сиз азизларга эслатиб ўтсам, марҳамат, ёзиб олинг: www.najot.com
Хайр, саломат бўлинг.