2:38

Худонинг сўзи 84

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Азизлар, мен яна сизлар билан “Дилкаш” радиомизнинг руҳий тўлқинлари орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман.

Марҳамат, тинглаб ором олинг. Азиз биродарлар, биз сизлар билан ўтган эшиттиришларимизда Раббимиз Исо Масиҳ олий Руҳониймиз деб айтган эдик. Олий руҳоний ким ўзи? Бугун шу мавзуда сизлар билан ўзим билган нарсалар ҳақида суҳбатлашмоқчиман.

Олий руҳоний одамларни Худога таништиради ҳамда уларнинг орасидаги алоқа боғловчи воситасини ўтайди. У инсонларнинг номидан Худога хушбўй қурбонликлар келтиради ва инсонлар учун Худонинг олдида шаҳодат қилади.

Айниқса Эски Аҳд даврида олий руҳонийлар жуда муҳим ўрин эгаллаганлар. Левитлар китобини 16 бобини ўқиб кўрсангиз, ҳар йили инсонларнинг гуноҳлари сотиб олиниши керак бўлган вақтда, олий руҳоний бутун халқ номидан муқаддаслар муқаддаси деб аталадиган жойга кириб, Худовандга бутун одамларнинг гуноҳлари учун қурбонлик келтирган.

Ушбу анъана, айниқса, Исроил халқи орасида катта ўрин эгаллаган эди. Олий руҳоний ана шу муқаддаслар муқаддаси деб аталадиган жойга кириши олдидан ушбуларни бажариши керак эди.

Авваломбор, у ўзининг бутун танасини тозалаб ювиши, шундан сўнг махсус кийимларни кийиб олиши керак эди. Биринчи бўлиб, олий руҳоний ўзининг гуноҳларини ювиши лозим бўлган, бунинг учун у авваломбор бир буқани қурбонликка келтириб, унинг бутун қонини бир идишга тўплаши керак бўлган.

Шундай қилиб, олий руҳоний муқаддаслар муқаддаси деб аталувчи жойга кирар ва бутун халқ учун Худонинг олдида тавба қилар эди. Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига келиб, барча одамларнинг гуноҳи учун бир марта хочда азоб чекиб қийналиб ўлди.

Шу орқали ҳар биримизни абадий ўлимдан сақлаб қолди. Исо Масиҳ бир марта ва бир умрга етадиган қурбонликни келтирди. Энди кимдир ҳар йили одамларнинг гуноҳи учун Худога қурбонлик келтиришининг ҳожати йўқ. Чунки Раббимиз Исо Масиҳ барча инсонлар учун етарлича тўловни жуда қиммат тўловни тўлаб қўйди.

Раббимиз Исо Масиҳни шунинг учун олий руҳоний деб айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, сизлар билан хайрлашар эканман, ҳар бирингизнинг оилангизга тинчлик ва тотувлик тилаб қоламан.

Шу билан бирга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сиз азизларга эслатиб ўтмоқчи эдим. Марҳамат, ёзиб олинг: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top