Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тингланг. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимизни асосан Ибтидо китобининг 4 боби 9 оятидан 16 оятигача бўлган жойдан тайёрладик. Қобил ўзининг амалга оширган жирканчли ишини ҳеч ким кўрмади, деб ўйлаган эди. Лекин ҳамма нарсани билувчи Худованд унинг ишларидан хабардор эди. Ҳа, азиз радио тингловчи, Худованд ҳаммасидан хабардор эди. У шунчалик буюкки, ҳатто ҳозир ҳам биз нима ҳақида ўйлаб ўтирганимизгача билади.
Худованд Қобилдан сўради: “Уканг Ҳобил қаерда?” Қобил ўзини гуноҳ қилишдан тўхтата олмасди. У яна Худовандни алдамоқчи бўлиб, шундай деб айтди: “Билмайман, мен укамнинг соқчисими”? Албатта, Қобил укасининг қаерда эканлигини яхши билар эди. Чунки у ўз укасини ўз қўллари билан далада ўлдириб кўмиб ташлаган эди. Худованд Қобилнинг қилган барча ишларидан ғазабланди. Худованд Қобилга шундай деб айтди: “Сен нима иш қилиб қўйдинг? Укангни қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда. Энди ўзингнинг дастингдан оғзини очиб укангнинг қонини ютиб қўйган тупроқдан қувилиб, лаънати бўлгайсан. Ерга ишлов берганингда ҳам, у ўз қувватини бошқа сенга бермас, ер юзида сарсон саргардон бўлгайсан”, — деди.
Албатта, Қобил шундай бўлишини кутмаган эди. У Худованддан шунчалик жазо олишини ҳам кутмаган эди. Лекин минг афсуски, ҳар қандай гуноҳ Худо томонидан жазоланади. Шундай қилиб, Қобил ўзининг ота-онасини қолдириб, алоҳида яшай бошлади. Албатта, унга ёлғиз яшаш осон бўлмаганига ҳар биримиз аминмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бошқаларга нисбатан жаҳл қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Албатта, ҳозирги кунда кўчада ҳар қадамда нимадандир жаҳлимиз чиқади. Айниқса машинада кетаётиб бошқа шофёрлардан нолиб қоламиз, уларга нисбатан жаҳл қиламиз. Ҳатто кутилмаганда оғзимиздан ярамас сўзлар ҳам чиқиб кетиши мумкин.
Агар иккала шофёр ҳам машинани тўхтатиб, бир-бири билан жанжаллашадиган бўлса, албатта, муаммолар бундан ҳам ёмон тус олиши мумкин. Шундай экан, биз масиҳийлар нима қилишимиз керак? Ушбу саволга шахсан мен ҳеч нарса қилишимиз керакмас, деб жавоб берган бўлар эдим. Ҳаммасини Худонинг қўлларига топширишни ўрганишимиз керак. Худованд оддий шофёрдан тортиб, ишхонадаги сизга ёмонлик қиладиган барча кишиларгача ҳаммасини бир зумда тўғри йўлга солишни билади. Биз киммизки, Худонинг ўрнига улар билан жанг қиламиз? Худованд буюк, У Ўз фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёрдир. Азизлар, ҳаётимизни ишониб Унга топширайлик.
Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини сиз, азизларга эслатиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.