3:04

Болаларнинг ўсишига ёрдам 200

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Худованд биз кўриб турган барча борлиқни ва унда яшовчи барча ҳайвонларни, қушларни яратган. Лекин шу яратилганларнинг орасида энг асосийси бу — инсондир. Ибтидо китобининг 1 боби 24 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ер турли-туман тирик жонни: чорва, судралувчи ҳамда ёввойи ҳайвон турларини ҳосил қилсин”. Шундан кейин Худо шу бобнинг 26 оятида яна шундай деб айтди: “Ўз сўратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик.

У денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар, чорвалар, ҳа, бутун ер юзи ва ерда ҳаракат қилувчи барча махлуқот устидан ҳокимлик қилсин,” — деди. Хуллас, шундай қилиб, Худованд биринчи одамни яратди. Албатта, Момо Ҳавони қандай қилиб ва нима учун яратганини ҳар биримиз яхши биламиз, шунинг учун бу ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз. Худованд уларни баракали бўлинглар, деб марҳаматлади. Шу билан бирга уларни организмида кўпайиш учун керакли органларни ҳам яратди.

Азиз радио тингловчи биродарлар, бундай деб айтишимизнинг сабаби, кўпинча болаларимиз биздан одамлар қандай қилиб кўпаяди деган савол улар учун жавобсиз қолиб кетишидир. Албатта, бизнинг маданиятимиз бундай суҳбатларга унчалик йўл бермаслиги мумкин. Шу билан бирга бугунги замоннинг зудлик билан илдамлаб бораётганини ҳисобга олсак, болаларимиз сиз билан биздан эшитмаган гапларини кўча-кўйдан умуман бегоналардан эшитиши мумкин. Ачинарлиси шундаки, баъзида айрим маълумотлар уларга нотўғри етиб бориши ҳам мумкин.

Албатта, ҳозир болалар учун бундай тушунчаларни тўғри тушунтира олишимизда турли китоблар ва турли хил болалар учун атайлаб тайёрланган кўрсатувлар катта ёрдам бериши мумкин. Шунга қарамай, болалар ўз ота-оналаридан эшитган гапларига жиддий эътибор қилишади. Ҳурматли биродарлар, болаларнинг саволларига асло ёлғонлар билан жавоб қайтарманг. Масалан, сени лайлак ташлаб кетган ёки сени биз карам ичидан топиб олганмиз, яна сени бегона одамлардан сотиб олганмиз деган гаплар.

Бундай гаплар болаларда нотўғри фикрлар пайдо бўлишига олиб келади. Қанчалик қийин бўлса ҳам, болаларга тўғри тушунтиришга ҳаракат қилиб кўринг. Албатта, ўғил болалар учун ота, қиз болалар учун она тушунтириш ишларини олиб боргани маъқулдир. Азиз биродарлар, ҳозирги болалар бундан ўн беш-йигирма йил аввалги болалардан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун улардаги саволлар ҳам ўзига яраша бўлиши мумкин. Азиз ота-оналар, Худованд сизларга донолик ато этсин деб, бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Бундан аввал эса, сиз азизларга, ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, ўзингиздаги турли саволлар ва таклифлар билан ушбу манзилимизга мурожаат қилишингиз мумкин. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ- саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top