3:08

Болаларнинг ўсишига ёрдам 201

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да сизлар билан соғ-омон учрашганимиздан беҳад хурсандмиз. Ҳурматли ота-оналар, бизга ҳар биримизга Худованд Каломни болаларга ўргатиш вазифасини берган. Шунинг учун ҳар бир ота-она ёки якшанба мактабининг ўқитувчилари ушбу вазифани сидқидилдан бажармоғимиз лозим. Ёки сизнинг фикрингиз бошқачароқми? Ундай бўлса, сиз азизларга, бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Саволимиз шундай жаранглайди: сиз, азизлар, нима учун Муқаддас каломни болаларга ўргатмоқчисиз?

Буни сизга кимдир айтгани учунми? Ёки сизга шу иш ёққани учунми? Балки сиз болаларни яхши кўрарсиз? Келинг, азиз биродарлар, ушбу саволларга сал бошқача назар билан ёндашиб кўрамиз. Азиз биродар, ўйлаб кўрингчи, сизнинг асосий мақсадингиз нимадан иборат? Ўйлайманки, ҳар биримизнинг асосий вазифамиз — Худованд буюрганларини чин юракдан астойдил бажаришдан иборат бўлиши керак. Шу орқали болаларимиз келажакда инсофли, диёнатли, Ватанимизга ва Худовандга содиқ инсонлар бўлиб ўсишади. Якшанба мактабининг ўқитувчиларининг вазифалари айниқса каттадир.

Сабаби, агар гуруҳингиздаги болалар ҳалигача Масиҳда ўсмаётган бўлсалар, ҳали уларнинг ҳаётларида ҳеч қандай руҳий ўзгаришлар бўлмаётган бўлса, жиддий шу ҳақида ўйлаб кўришингизга тўғри келади. Нима сабабдан шундай бўляпти? Ҳар бир ота-она ва болалар ўқитувчилари яхши психолог бўлишлари лозим. Болангизга нима етишмаяпти ёки уларнинг руҳий ўсишлари учун нималар халақит қиляпти, барчасини билишга ҳаракат қилинг. Демак, асосий мақсад қилиб, Хушхабарни барча болаларга етқазиш ва уларни руҳан ўстириш, деб билишимиз керак экан. Ҳар бир бола учун доимо ибодатда бўлинг.

Унинг ўзгаришини Худодан сўранг. Худо, албатта, шу боланинг ҳаётида ўзгаришлар қилишига ишонинг. Агар гуруҳингизда болалар тез-тез гуноҳлари учун тавба қилиб, Исо Масиҳни ўзларининг Нажоткори деб қабул қилиб турсалар, демак, Худо сиз орқали болаларнинг ҳаётларида Ўзининг буюк ишларини амалга оширяпти. Ҳурматли ота-оналар ва ўқитувчи биродарлар, Худованд ҳар биримиздан ўзининг кичик қўзичоқларини боқишимизни кутиб турибди. Худованд бизга айтганларини ортиғи билан бажаришга ҳаракат қилайлик. Шунда Осмон Шоҳлигида ҳар биримизни ажойиб мукофотлар билан таъминловчи Худованд янада марҳаматлайди. Имонга келган болаларни ташлаб қўйманг, уларни руҳан ўсишлари учун қўлингиздан келган ишларни Худонинг ёрдами ила амалга оширишга ҳаракат қилинг.

Азиз биродарлар, болаларга Хушхабар айтиш ва уларни имонга олиб келиш орқали дунёдаги гуноҳ ишларни камайишига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шунинг билан, ҳурматли радио тингловчилар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан олдин сайтимиз манзилини сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчиман. Марҳамат, эслаб қолинг: www.najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top