3:10

Уй гуруҳлари 53

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азиз биродарлар, агар дунёдаги амалдорларга эътибор қиладиган бўлсак, улар доимо ўзларининг обрўларини кўтаришга ҳаракат қиладилар. Аммо Худованднинг хизматчилари асло бундай бўлмаслиги керак. Раббимиз Исо Масиҳ бу ҳақида Ўз шогирдларини жуда кўп бора огоҳлантирган эди: “Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизматда бўлсин,” деб айтган эди.

Бундан ташқари, 1 Бутрус китобининг 5 боби 2 ва 3 бобларида шундай оятни ўқишимиз мумкин бўлади: “Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу ишни мажбурий эмас, балки Худога ёқадиган даражада кўнгилдан чиқариб қилинглар. Қабих ғаразгуйликсиз ситқидилдан иш тутинглар. Қўлингиз остидаги сурувга ҳукмронлик қилмасдан, яхши ўрнак кўрсатинглар”. Азиз радио тингловчилар, Муқаддас каломдан яна бир оятни келтириб ўтсак: “Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб кўпларни қутқариш учун келган.” Марк китоби 10 боб 42 ва 45 оятлар.

Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ шундай буюк бўла туриб, Ўзининг барча буюклигидан воз кеча олди ва оддий гуноҳкор инсонларга хизмат қилди. Шундай экан, биз инсонлар Раб Исодан юксак эмасмиз, шунинг учун бир-биримизга хизмат қилишга мажбурмиз. Инсонларнинг бир-бирига қилган хизмати фақатгина Худонинг баракасига ва марҳаматига сазоворликка олиб келади. Келинг, ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Раббимизга эргашишга ва худди У каби бошқаларга хизмат қилишга ҳаракат қилайлик. Ҳеч қачон ўзимизни бошқа биродарлардан юқори қўймайлик. Чунки бу — биз масиҳийларнинг мақсадимизга умуман тўғри келмайди. Бизларнинг мақсадимиз — Худони улуғлаш, бир-биримизга хизмат қилиш ва бошқаларга Худонинг Хушхабарини етқазишдир.

Кичик уй гуруҳида ўз хизматларини олиб бораётган биродарларимиз айниқса ўзларини жуда камтарин тута билишлари керак. Бу гуруҳнинг соғлом бўлишига ва бошқа гуруҳ аъзоларининг сиздан ўрнак олишига олиб келади. Азиз биродарлар, агар Худога хизмат қилишни истасангиз, доимо айтганимиздек камтарин бўлишга ҳаракат қилинглар. Худо доимо камтарларни юксалтириб келган. Шунингдек, Худованд доимо камтарин инсонларни Ўзига хизмат қилишини истайди. Кичик уй гуруҳларида хизмат қилаётган етакчи биродарлар ҳеч қачон: мен бошқалардан устунроқ бўлишим керак, — деб ўйламанг. Ҳа, балки сизда билим бордир, балки сиз ҳақиқатдан ҳам пок юракка эгадирсиз, бошқаларга тўғри маслаҳат бера оладиган доно чўпондирсиз, барибир доимо камтарин бўлишга ҳаракат қилинг. Худонинг Ўзи сизни юксалтиради.

Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини сиз, азизларга, эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Ҳурматли биродарлар, агар бизга мактуб йўллашни истасангиз, ушбу электрон почтамизга йўлланг. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top