3:06

Уй гуруҳлари 56

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман. Азиз биродарлар, масиҳийлар доимо хайрли ишларни қилишлари керак. Шу ишларимиз орқали кўплаб одамларнинг юрагига йўл топа олишимиз мумкин. Энг муҳими, қилган ишларимиз орқали бошқалар учун Худонинг нурини кўрсатамиз. Масалан, Эфесликларга мактубининг 2 боби 10 оятида шундай ёзилган: “ Биз Худонинг ижодимиз.

Худо бизни Исо Масиҳ орқали хайрли ишлар қилишимиз учун яратди, бу ишларни эса биз учун азалданоқ тайёр қилиб қўйди”. Бундан ташқари, яна Матто китобининг 5 боби 16 оятида шундай ёзилган: “Айни равишда сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар”. Албатта, катта жамоатлар, ибодатхоналар учун хайрли ишларни амалга ошириш бир мунча осонроқдир. Шунга қарамай, кичик уй гуруҳи жамоатлари ҳам маҳаллаларда, оилаларда ҳамда ўзларининг биродарлари орасида хайрли ишларни амалга ошириши мумкин.

Бундай хайрли ишлар турли кўринишда бўлиши мумкин. Масалан: касал одамларнинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш, қўшнининг ишларига ёрдамлашиш, маҳалладаги ҳашар ишларида актив иштирок этиш ҳам бўлиши мумкин. Амалий ёрдамлар масаласига келадиган бўлсак, маҳалладаги кам таъминланган оилаларга оз бўлса-да озиқ-овқатлар сотиб олиб бериш, уларнинг болаларига ўқув-қуроллари сотиб олишда кўмаклашиш — хуллас, шунга ўхшаш амалий ишлар. Албатта, кичик уй гуруҳлари ўзларининг имкониятларига қараб ва шу жойнинг шароитини инобатга олиб турли хайрли ишларни амалга оширишлари мумкин. Орадан вақт ўтиши билан ўрнатилган яхши муносабат ўзининг натижасини бериши муқаррар.

Доимо бир нарсадан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳозирги кунда одамлар орасида нотўғри тушунчалар ҳам йўқ эмас. Улар ўйлашадики, масиҳийлар турли совға-саломлар орқали одамларни аврайдилар, деб. Шундай нотўғри тушунчаларни олдини олиш учун хайрли ишларни ўзингиз яхши таниган инсонлар орқали бошлаганингиз маъқул. Албатта, хайрли ишларни қилиб, одамларга энг муҳим нарсани айтишни ёдимиздан чиқармаслигимиз керак, яъни Хушхабарни. Азиз биродарлар, ҳар бир қилаётган ишингизда Худованднинг бошқаруви бўлиши керак. Албатта, бошлаган ишингизни Худованднинг хоҳиш ва иродаси билан бошланг.

Гуруҳингизда қилмоқчи бўлган ишлар учун биргаликда ибодат қилинг. Шу билан бирга бир гуруҳ одамларни, яъни хоҳловчи одамларни шу ишга жалб қилишингиз мумкин. Агар гуруҳингизда врачлар ёки парикмахерлар бўлса, улар ҳам ўзларининг ушбу хизматларини бепул ёки арзон нархда таклиф қилишлари мумкин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар бир бошлаган ишингизда Худованд мададкор бўлсин. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top