Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз, азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Азиз биродарлар, турли семинар ва конференциялар орқали, ҳатто ваъзлар орқали ҳам ўзини бағишлаш тўғрисида кўп маротаба эшитганмиз. Аслида ўзини Худога бағишлаш қандай бўлади? Бугун айнан шу мавзуда сизлар билан суҳбат қилмоқчиман. Ўзини бағишлаш деганда, инсон ўзини тўлиқ қурбон қилишга тайёрлигини билдиради, албатта, Худо учун.
Ҳаворий Павлус ўзининг мактубларини бирида шундай деб ёзган эди. Келинг, азиз биродарлар, биргаликда ушбу оятларни ўқиб кўрамиз. Ушбу оятни каломингизнинг Римликларга мактуби 12 боби 1 ва 2 оятларидан топиб ўқиб кўришингиз мумкин. “Шундай қилиб эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар. Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар”. Азизлар, тирик қурбонлик дегани нима ўзи?
Бу дегани, чин юракдан руҳий хизматни олиб боришдир. Бошқача айтадиган бўлсак, Худога тегишли манзур масиҳийга айланишдир. Азиз биродар, агар сизнинг хизматингиз ҳосил келтирмаётган бўлса ёки кам ҳосил келтираётган бўлса, демак, сиз ҳали ўзингизни тўлиқ Худога тирик қурбон қилиб бағишламагансиз. Худога чин юракдан хизмат қилиш — Раббимиз Исога бўйсуниш ва Унинг айтганларини бажаришдир. Баъзи биродарларимиздан эшитиб қоламан: “Мен ўзимни тўлиқ Исо Масиҳга бағишлаганман ва фақатгина Унга хизмат қиляпман, лекин ҳаётимда ҳеч қандай ўзгариш сезилмаяпти”, — деган гап. Азиз биродар, агар хизматингиз ҳосил келтирмаётган бўлса ёки ўз ҳаётингизда ҳеч қандай Худонинг қилган ўзгаришларини кўрмаётган бўлсангиз, албатта, қандайдир камчилик мавжуд.
Сиз оилангизда ёки ўзингизни ҳаётингизда бўлаётган барча ишларни бир бошидан кўриб чиқишингизга тўғри келади. Мен ишонаман, Худованд албатта хоҳиши бор инсонга Ўзининг режаларини кўрсатади. Ўз вақтида инсон ўзининг гуноҳ ишларини кўриши ёки ҳаётидаги камчиликларини тан олиб, Худованднинг олдида тавба қилиши — шу инсоннинг ютуғидир. Ҳеч қачон иккиюзламачилардек ҳаёт кечирманг. Бундай ҳаёт қачондир албатта очилади. Лекин шу пайтда кеч бўлиши мумкин. Худованд ўз вақтида ҳамма нарсани бўлишини жуда истайди. Шу жумладан, биз инсонларнинг тавба қилиб кечирим сўрашимизни ҳам.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шу ерда бугунги мавзуга якун ясаб, сиз азиз радио тингловчилар билан хайрлашмоқчиман. Лекин ундан олдин сиз, азизларга, ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, албатта, ўзингизни ва биродарларингизни ҳаётидаги бўлаётган ўзгаришлар ҳақида биз билан бўлишасиз деган умиддаман. Бизнинг хизматчиларимиз сиз азиз радио тингловчи биродарлар учун ибодат қилишга доимо тайёрдир. Хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи биродарлар.