3:03

Руҳий ғалаба 169

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш “ радиоси, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, сиз билан ўтган эшиттиришларимиз орқали Худога тирик қурбонлик ҳақида суҳбатлашган эдик. Ана шу тирик қурбонлик нафақат тирик қурбонлик бўлиши керак, балки муқаддас ҳам бўлиши лозим. Муқаддас сўзининг юнонча маъноси “ажратилган” демакдир. Бу дегани, гуноҳдан соқит бўлган, тоза деган маънони билдиради.

Римликларга мактубининг 6 боби 13 оятида ҳаворий Павлус шундай деб гапиради: “Аъзойи-баданингизни ёмонлик қуроли қилиб гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўлиб тирилганлар каби ўзингизни, яъни бутун аъзойи баданингизни солиҳлик қуроли қилиб Худонинг измига топширинглар”. Ажратилган деганимизда икки хил масиҳийни ҳам тушунишимиз мумкин. Айримлар дарҳақиқат Худованд учун ўзларининг ҳақиқий хизматлари ва Худога бўлган севгиси орқали ажралиб турса, иккинчи тоифа масиҳийлар ўзларининг ҳеч қандай ўзгаришсиз, ҳосилсиз ҳаётлари билан ҳам ажралиб турадилар.

Албатта, шундай биродарларнинг ҳам юракларининг бир четида Худога хизмат қилиш хоҳиш истаги йўқ эмас. Фақатгина улар ўзлари учун қулай вақт ва шароитни кутиб турадилар. Афсуски, вақт деган нарса кутиб турмайди. Раббимизнинг иккинчи бор ташрифи эса дақиқалар сайин яқинлашиб келмоқда. Баъзида иккинчи тоифадаги биродарлар оддий телекўрсатувлар билан ўзларининг вақтларини ўтқазишни ёқтиришади. Худонинг ишлари учун эса ўзларини бағишлаб хизмат қилишни борган сари кечиктира борадилар.

Баъзи биродарлар учун нимагадир Худога хизмат қилишдан кўра, дунёвий ишлар кўпроқ қониқиш ҳосил қилади. Худованд бизнинг хизматимиз ярим-ёрти бўлишини истамайди. Худованд ҳар бир масиҳий кишини тўлиқ тирик қурбон бўлишини истайди. Худованд айтганидек, биз илиқ эмас, балки қайноқ масиҳий бўлишимиз керак. У биздан тўлиқ бағишланишни кутмоқда. Нима учун Худога қулоқ солиш керак? Чунки У бизга нисбатан меҳрибон. Шунинг учун ҳам У Ўзининг Ўғли Раббимиз Исо Масиҳни ерга тирик қурбон бўлиши учун юборган эди. У ҳар биримизни гуноҳдан озод қилди, келажак учун катта умид берди.

Ҳаттоки шайтон билан кураша олишимиз учун Ўзининг кучини ҳам берди. Мана шунинг учун Худога ўзимизни бағишлай олишимиз керак. Азиз биродар, ҳеч қачон ўзингизни алдаманг, яъни “эртадан Худога ўзимни бағишлайман” деб. Ҳозирнинг ўзидаёқ Худога бағишланинг, Унинг айтганларини қилишга ўрганинг. Шунда Худонинг марҳамати ҳар биримизнинг устимизда бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шу жойда бугунги мавзумизни якунлаб, сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top