3:28

Худонинг сўзи 97

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, барчамизга яхши таниш бўлган Мартин Лютер шундай бир ажойиб гапни айтиб ўтган эди: “Масиҳий бўла туриб ибодат қилмаслик, бу яшаб туриб нафас олмаслик билан баробардир.” Ушбу гапнинг тагида катта маъно борлигини ҳар бир масиҳий инсон тушуниб турган бўлса керак,деб ўйлайман. Ибодат бу шундай нарсаки, Худованд сизни қандай кўришини истасангиз, шу ибодат орқали ўзингизни кўрсата олишингиз мумкин.

Раббимиз Исо Масиҳ ер юзида унчалик кўп вақт ўтқазмаган бўлса-да, шу арзимаган вақтининг кўп қисмини ибодат билан ўтқазган эди. Худованд билан топиниш вақти инсонларнинг ҳаётидаги энг муҳим ва керакли вақтдир. Биз инсонлар кўпинча ўзимизнинг муаммоларимиз билан кимларгадир мурожаат қилишимиз мумкин. Балки кимдир ёрдам бериши ҳам мумкин. Лекин Худованд бизга берадиган тинчликни ҳеч бир инсон бера олмайди. Азиз биродарлар, ҳаётимизда муаммолар, қийинчиликларнинг учраб туриши аниқ. Шундай пайтларда биринчи навбатда Худовандга мурожаат қилган маъқулдир.

Худованд Ўзининг каломида шундай деган эди: “Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман”. Ҳа, азиз биродарлар, Худованд ҳар биримизга ором ва тинчлик-ҳотиржамлик бермоқчи. Агар биз ўзимиз ибодат орқали Худованддан ҳеч нарса сўрамасак, қандай қилиб ушбу марҳаматни олишимиз мумкин? Худованд билан яшаш учун ибодат жуда муҳим. Ибодат бизни Худога янада яқинлаштиради. Шундай экан, ибодат қилишни ва ҳар куни Худованд билан бирга яшашни ўрганиш жуда муҳим. Масалан, оч қолган бола учун қорнини туйдириш жуда муҳимдир. У бола эртами- кечми қорнини тўйдиришга ҳаракат қилади, лекин бола учун овқатдан кўра онасининг меҳри ва ўз онаси билан бирга бўлиш ва яшаш муҳимроқдир.

Азиз биродарлар, Худовандга топиниш ва чин юракдан ибодат қилиш — имонимизни янада мустаҳкамлайди. Худовандга ибодат қилиш маълум бир белгиланган вақтларда бўлиши шарт эмаслигини барчамиз яхши биламиз. Чунки биз ишонган ва умид боғлаган Худованд бизни ҳар биримизни ярим кечаси бўлса ҳам эшитади. У шундай ажойиб Худованддир. Азиз биродар, ҳар биримиз ўзимизга бир саволни бериб кўришимиз мумкин. Мен охирги марта қачон Худовандга ибодат орқали мурожаат қилдим? Нима учун мен Худованд билан гаплашмай қўйдим деган саволлар. Агар инсонлар бир-бири билан уришиб қолса ёки бир-бирини хафа қилсалар, гаплашмай қўядилар. Лекин биз Худованд билан уришмадик ва Ундан хафа ҳам эмасмиз. Шунинг учун, азиз дўстим, келинг, ҳар куни у билан ибодат орқали гаплашишни ва юрагимиздаги дардларимиз ва хурсандчиликларимизни У билан бўлишишни ўрганайлик.

Ҳурматли биродарлар, суҳбатимизга шу жойда якун ясар эканман, сизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com азизлар, яна радиоэфир орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top