Ассалому алайкум “Дилкаш” радиомизнинг доимий мухлислари. Сизлар билан яна янги йил арафасида учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, барчангизга тинчлик, омонлик ва руҳий ҳамда маънавий бойлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, биз инсонлар аслида ҳам маънавий ҳамда руҳий муҳтожликда яшовчи инсонлардирмиз. Худованд биз инсонларни танада яратган экан, биз инсонлар Худованднинг барча айтганларига бўйсунишга мажбурмиз. Инсонларга танада яшаганлари учун кийим-кечак, озиқ-овқатлар доимо зарур бўлади.
Биз инсонлардан ҳеч ким ушбу айтганларимизни инкор қилиб ўзи хоҳлаганидек яшай олмайди. Кимдир ҳаракат қилиши мумкин, лекин озиқ-овқатсиз, албатта, инсон оч қолади ва натижада очликдан ҳалок бўлади. Кийимлар масаласида ҳам худди шундай деб айтишимиз мумкин. Шундай қилиб, инсонлар учун зарур бўлган ва уларсиз яшаб бўлмайдиган зарур нарсалар ҳам бор. Энди инсонларни руҳий масаласига ҳам тўҳталиб ўтсак. Инсон Худосиз яшай олиши мумкинми? Албатта кўпчилик “ҳа” деб жавоб беришига имонимиз комил. Лекин Худосиз яшашдан ҳаётимизда ҳеч қандай маъно йўқ.
Худосиз вақтинчалик гуноҳга ботиб яшаш мумкин. Инсон истаганини амалга ошира олиши ҳам мумкин. Лекин буларнинг бари вақтинчалик ҳузур-ҳаловатдир. Инсонларнинг асосий ҳаёти уларнинг ўлимидан сўнг бошланишига кўпчилик ишонмаса керак. Инсонинг ҳаёти бу вақтинчаликдир. У ҳаётдан кўз юмганидан сўнг саралаш вақти келади. Масалан, куз вақтида, қиш фаслида истеъмол қилиш учун сотиб олинган картошка ва пиёзларни қандай саралаймиз? Яхшисини, албатта, олиб қўямиз, чириганларини эса тезда ахлатга ташлаб юборамиз. Ахлатда эса чириб ўз- ўзидан йўқ бўлиб кетади.
Бу дегани, бизинг талабларимизга жавоб беролмади дегани. Худди шу каби Худованд ҳам вақти келиб инсонларни саралай бошлайди. Кимки Раб Исога ишониб Унинг кўрсатмалари бўйича яшаган бўлса, Худованд уни ўзининг абадий ҳаётига лойиқ деб топади. Азиз радио тингловчи биродарлар, Худованд ҳар биримизга берган қисқача умрни яхши ва Худога маъқул тарзда яшаб ўтишга ҳаракат қилайлик. Кўпчилик инсонлар замондан ва унинг камчиликларидан доимо шикоят қиладилар. Агар инсонлар Худованднинг кўрсатмалари бўйича яшаса, замонамиз ҳам гўзал бўлади, деб барчани ишонтира оламиз. Инсон ўзининг умрини эллик фоизини бойлик топишга ҳамда яхши яшаш учун маблағ топишга қаратар экан. Бу дегани, умримизнинг тенг ярми ҳаракат билан нималарнидир амалга ошириш билан ўтади.
Азиз биродарлар, Худовандни излашга ва У билан яшашга ҳаракат қилайлик. Худованд ўз ўрнида биз инсонларни марҳаматлашига ва ҳаётимизни бошқаришига ишонаман. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизлардан фикр- мулоҳазаларингиз битилган мактубларингизни кутиб қоламиз. Мактубларингизни бизнинг ушбу электрон манзилимизга юборишингиз мумкин: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азизлар.