Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, сизлар билан радио орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Шундай бир мақолни орамизда кимдир эшитган бўлса керак: “Оддий чўп ҳам туяни белини синдиради”. Бир киши семириб кетишдан азоб чекиб, бир марказга мурожаат қилади. Албатта, улар билан ҳар хил баҳс ва мунозаралар уюштиришади. Тўғри овқатланиш режаларини ҳар бир кишига беришади. Ўқитувчи келган ҳар бир иштирокчига маълум вақт бериб, учрашув вақтини белгилайди. Ниҳоят, шу белгиланган вақт келганида ҳамма бир жойга тўпланади. Шу пайт хонага шу марказнинг бошлиғи кириб келиб, ҳар бир кишидан нима учун озишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида савол билан мурожаат қилади.
Кимдир врачнинг таклифи билан озишга ҳаракат қилаётганини айтса, яна кимдир доимо катта размердаги кийимларни ҳар доим ҳам топишнинг иложи йўқлигидан шикоят қилади. Шунда марказнинг хўжайини иштирокчиларнинг ҳар бирини қўлига кичкинагина чўп бериб чиқади. Шундан кейин уларга қарата бир гапни айтади: “Мана шу чўп доимо кўз олдингизда кўринадиган жойда турсин. Агар музлаткични эшигига ёпиштириб қўйсангиз янади яхши. Ҳар сафар оч қолиб кўпроқ овқат ейишдан аввал шу чўпга бир қаранг. Билингки, оддий чўп ҳам туяни белини синдириши мумкин,” — деган экан.
Керагидан ортиқ овқат еб қўйиш, албатта, инсонга зарар келтиради. У семириб кетиб, турли касалликларга дучор бўлиши мумкин. Ўз вақтида даволанмай яна семиришда давом этиш эса инсонни ўлимга олиб бориши мумкин. Доимо ҳамма нарсани чегарасини билган маъқул. Инсон туяга юк ортаётганида унинг эгаси қанча юк ортишни яхши билади. Агар керагидан ортиқ юк ортилса, туянинг оёқлари титрашни бошлайди. Билмаган одам шунда ҳам юк ортишга ҳаракат қилса, албатта, бундай оғирлик туяга зарар келтиради. Энди, азизлар, ушбу масалани руҳий томондан кўриб чиқадиган бўлсак. Албатта, Худованд ҳар бир масиҳий инсонга қанча юк ортишни ва қанча қийинчиликларни шу инсон кўтара олишини яхши билади. Худованд ҳеч қачон туянинг эгасига ўхшаб ортиқча юк ортмайди. Чунки ҳаддан ташқари оғир юк шу инсонга зарардир.
Баъзи пайтларда, қийинчиликларга дуч келган пайтларимизда Худовандга ибодат қиламиз. Лекин Худованд ҳеч қандай ёрдам бермаётгандек бўлади. Шунда, албатта, турли васвасалар кела бошлайди. Азиз биродар, шуни ёдимиздан чиқармайлик, Худонинг Ўзи кимга ва қанча юк ортишни биз инсонлардан кўра яхши билади. Қачонки бизнинг оёқларимиз титрай бошласа ҳамда ортилган юк оғирлик қилаётган бўлса Худованд, албатта, барчасини тўхтатишга ҳаракат қилади. Худованднинг ҳаракати эса ҳеч қачон зойи кетмайди. Чунки Унинг куч-қудради ҳамма нарсага қодир. Шунинг учун ҳам доимо Худони улуғлайлик, Унга тасаннолар айтайлик.
Азиз биродарлар, ўзингизнинг ёки биродарингизнинг ҳаётидаги муаммолардан хабардор бўлсангиз, албатта, бизга мактуб йўлланг, биргаликда ибодат қиламиз. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com хайр, саломат бўлинг, азиз радио тингловчи.