Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали ҳам масиҳий болаларнинг жамоатда ва якшанба мактабларида ҳамда болаларнинг уй гуруҳи жамоатларидаги тартиб-интизомлари ҳақида гап юритамиз. Азиз биродарлар, биз ушбу тартиб-интизомни бир нечта қисмга бўлиб чиқишимиз мумкин. Биринчиси, албатта, гуруҳингиздаги болалар билан яқин дўстона муносабат ўрнатинг.
Уларнинг муаммоларига ва ҳаётларига ўзингизнинг шахсий қизиқишларингизни ва улар сиз учун бефарқ эмаслигини кўрсатинг. Энг муҳими, ҳар бир бола сизда, албатта, Масиҳнинг севгисини кўриши ва ҳис этиши лозим. Иккинчиси эса, албатта, гуруҳингиздаги ҳар бир бола учун алоҳида ибодат қилинг. Айниқса сизнинг назарингизда интизоми оғирроқ бўлган болалар учун алоҳида ибодат қилинг. Азиз биродарлар, айнан шу бола сизнинг тинимсиз ибодатларингиз туфайли келажакда Худонинг ажойиб хизматчиси бўлиб кетиши мумкин. Сиз ҳар бир болани худди шундай кўз билан кўришга ҳаракат қилинг. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги замонавий чўпонлар, воизхонлар ва бошқа таниқли биродарларнинг кўпчилиги ёшлигида жуда шўх бўлишган.
Буни ҳатто уларнинг ўзлари ҳам тан олишади. Албатта, Худованд Ўзи истаган болаларни келажагини истагандек белгилаб қўяди. Худони истагини эса биз инсонлар ҳечам ўзгартира олмаймиз. Лекин болалар учун ибодат қилиб, Худодан сўраш орқали Худони янада хурсанд қилишимиз мумкин. Ҳурматли ўқитувчи биродарлар, ҳеч қачон болалар ўзларини гуруҳда ажралиб қолгандек ҳис этмасин. Ҳар бир болага эътиборли бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳеч кимни алоҳида севишга ва унга кўпроқ эътиборли бўлишга ҳаракат қилманг. Бундай ҳаракат, албатта, тартиб- интизомни бузилишига олиб келади. Болаларга Худо ҳар бир инсонга бир хил муносабатда бўлишини ва Унинг кўз ўнгида ҳар бир инсон бир хил эканлигини доимо таъкидланг. Азиз биродарлар, энди учинчи бўлим ҳақида суҳбатлашсак. Ҳурматли ўқитувчи, доимо ўзингизни бошқаларга бўлган яхши муносабатингиз ила ва давлатга ҳамда ундаги раҳбарларга бўлган яхши муносабатингиз ила болаларга намуна бўлишга ҳаракат қилинг.
Болаларни ёшликдан ота-онасига ҳамда ҳокимятга бўйсунишга ўргатиб боринг. Бўйсуниб яшаш — Худонинг марҳаматини келтиришини ҳар бир дарсингизда таъкидлаб ўтишга ҳаракат қилинг. Ўзингиз доимо тартибли ва интизомли бўлишга ҳаракат қилинг. Кўпинча болаларга тартиб ҳақида гапирганимизда улар ушбу гапларимизни қабул қилишлари анча қийин. Лекин улар яхши кузатувчилардир. Улар ўзларига яқин инсонларни доимо кузатиб боришади ва улардан кўп нарсаларни ўрганишади. Доимо шунга эътиборли бўлишга ҳаракат қилинг, азиз биродарлар. Ҳурматли радио тингловчилар, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, албатта мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-саломат бўлинг, азизлар.