Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли кичик уй гуруҳидаги биродарлар, албатта, уй жамоатларининг қандай афзалликлари борлигини ҳар бирингиз яхши биласиз. Ҳозирги шароитни ҳисобга олган ҳолда, сиз азиз биродарларга яна бир нарсани таклиф қилмоқчи эдик. Уй жамоатидаги гуруҳ аъзоларининг сони унчалик кўп бўлмагани маъқул. Масалан, биродарларнинг сони гуруҳда бештадан саккизтагача бўлиб учрашиб туриши мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, ҳар бир гуруҳ ва гуруҳдаги хизматчилар биродарларнинг сони қанча бўлишини шу жойнинг шароитидан келиб чиқиб белгилаши, энг тўғри қарор бўлади.
Гуруҳ аъзоларининг сони кўпайиб кетса, зудлик билан яна бошқа гуруҳга бўлиниш тўғрироқдир. Албатта, бундай бўлинишни биродарлар унчалик хўш кўрмайдилар. Лекин уларга чўпон ёки гуруҳдаги хизматчи нима учун шундай қарор қилинганини яхшилаб тушунтириб бериши керак. Гуруҳ бўлинганидан кейин бош чўпон тез-тез бошқа гуруҳларга ҳам бориб туриши, уларнинг алоҳида йиғилаётганини унчалик сездирмайди. Бундан ташқари, бир ойда бир марта умумий йиғилишлар ўтқазиб туриш ҳам биродарларни бир-бири билан учрашиб туришларига яхши имкониятдир. Ахир ҳар бир уй гуруҳининг асосий мақсади — шундай кичик уй жамоатларини кўпайтиришдир. Гуруҳлар қанчалик кўп бўлса, биродарлар шунчалик хурсанд бўлишига ўргатиш керак.
Албатта, гуруҳлар ҳар учрашув пайтида бир-бирлари учун ибодат қилишлари керак. Азизлар, ҳозирги кунда барчамиз бир-биримиз учун ибодат қилиб туришимиз керак. Албатта, гуруҳларнинг умумий йиғилиши тугаши арафасида кейинги учрашув қаерда ва қачон бўлишини олдиндан белгилаб олиш керак. Умумий йиғилишлар, албатта, ўзингиз яшаб турган жойнинг шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Албатта, уй гуруҳларига асосан оилалар ташриф буюришади. Шундай экан, шароит йўл қўймаса аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида учрашишлари мумкин. Умумий йиғилишда асосан биродарларни руҳлантириш, Худони улуғлаш ва биродарларнинг орасидаги ҳамдўстликни ривожлантиришга эътибор берилиши керак. Агар имконият бўлса, умумий йиғилиш тугаганидан кейин биродарларнинг бир-бирлари билан учрашиб бироз суҳбат қилиши яхшидир. Умумий йиғилишни ўтқазишдан олдин гуруҳ хизматчилари учрашиб биргаликда умумий йиғилишни ўтқазиш тўғрисида ибодат қилишлари ва режалар тузиб чиқишлари яхши бўлади.
Албатта, биродарларга бериладиган руҳий овқат сифатли ва маъноли бўлиш керак. Чунки ҳар бир аъзо умумий йиғилишдан руҳланиб кетишлари керак. Азиз биродарлар, барчангизга ушбу хизматда омад ва куч-қувват тилаб қоламиз. Азизлар, сизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Азизлар, ушбу сайтимизга ташриф буюриб, ўзингиз учун кўплаб керакли бўлган маълумотларга эга бўлишингиз мумкин. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.