Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, сиз азиз биродарларимиз билан кичик уй жамоатлари ҳақида суҳбат олиб борар эканмиз, албатта, кичик уй гуруҳларида қилиниши керак бўлган ҳар бир иш, хизмат ҳақида ўзимиз билганларимизни сиз азиз радио тингловчилар билан бўлишиб ўтмоқчимиз. Кичик уй гуруҳларида йиғилиш тартиблари қандай бўлиши керак? Биринчи галда эътибор беришимиз керак бўлган нарса, йиғилишларимиз доимо бир хил тартибда ўтишига йўл қўймаслик.
Албатта, ҳар сафар ҳар хил усуллар билан йиғилишни ўтқазиш биродарларни зерикиб қолмаслиги учун катта замин яратади. Шундай экан, ҳар ҳафта қандайдир янгиликлар киритиб туриш ёки аввалгисидан сал бўлса-да бошқачароқ тартибда бошқариш — биродарларни янада руҳлантиради. Албатта, ҳар бир йиғилишни олдиндан режалаштириш зарур. Шу ҳафтада кимдир йиғилишни бошқармоқчи бўлса, албатта, олдиндан ибодат қилиб, Муқаддас Руҳга қулоқ тутган ҳолда йиғилиш режасини тузиб чиқиши зарур. Баъзан Муқаддас Руҳ тузилган режани Ўзининг хоҳиши бўйича ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.
Шундай пайтларда бошқарувчи Муқаддас Руҳнинг ишлашига халақит қилмаслиги, аксинча, Муқаддас Руҳдан илҳомланиб янада йиғилишни чиройли ўтишига ҳаракат қилиши керак. Ҳар ҳафтада айрим биродарларнинг биргаликда учрашиб барча қилиниши зарур бўлган ишларни режалаштириши мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари жамоат аъзолари билан ҳафтада бир марта эмас, балки икки марта учрашиш ҳам мумкин. Асосий йиғилишдан ташқари бўладиган учрашувларни эркинроқ бўлишига имконият яратиш зарур.
Яъни бир пиёла чой устида ўтириб ёки биргаликда овқатланиб бемалол жамоат ҳақида гаплашиш яхшироқ бўлади. Азиз биродарлар, барча хизматчилару чўпонларнинг биргаликда учрашиб, жамоат учун ва гуруҳ аъзолари учун қилинадиган ибодати жуда муҳим.
Асосий йиғилишдан ташқари бўладиган учрашувни бир нечта бўлимга бўлиб чиқсак, вақтдан ҳам ютиб қолишимиз мумкин. Масалан, ўттиз минут кейинги учрашув ҳақида суҳбат қилиш мумкин, ва тахминан ўн минут шу учун биргаликда ибодат қилса янада яхши бўлади. Яна бир соатча жамоатдаги муаммолар ва биродарларнинг руҳий ва ижтимоий аҳволи ҳақида ҳам суҳбат қилиш мумкин. Хуллас қанча вақтга учрашишни белгилаган бўлсангиз, шу вақтни тўғри тақсимлаб олиш — кўп нарсага улгуриш деганидир. Азиз биродарлар, ўйлаймизки, ушбу маслаҳатларимиз сизларнинг гуруҳларингиздаги бўладиган учрашувларни янада чиройли ўтишида ўзига яраша ёрдам бўлади.
Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизлардан бизнинг электрон почтамизга ўз фикрларингиз битилган мактубларингизни йўллашингизни сўраб қоламан. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.