3:37

Хаворий Павлус ибодат ва дуо ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодат дастурига хуш келибсиз. Азизлар, ҳаётингизда ибодатнинг ўрни қандай? Албатта, ҳар бир имонлининг ҳаётида Раббимизга қаратилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Келинг, бу ҳақда Калом нима дейишини кўриб чиқсак. Азиз хаворий Павлуснинг Тимўтийга йўллаган биринчи мактубининг иккинчи бобидаги баъзи оятларни ўқиб берсам. “Энг аввал шуни насиҳат қиламанки, Худо йўлида обрў-эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, барча инсонлар, подшоҳлар ва ҳукмдорлар учун Худога илтижо қилинг, дуолар ўқинг, тоат-ибодатлар қилинг, шукроналар айтинглар. Бу хайрли иш бўлиб, Нажоткоримиз Худога мақбулдир. У бутун инсонлар ҳақиқатни билиб олиб, нажот топишини истайди. Худо ягона ва Худо билан инсонлар орасидаги Воситачи ҳам ягонадир. Ўзи ҳам инсон бўлган Исо Масиҳ ҳамма инсонларни қутқариш эвазига Ўз жонини фидо қилди, шу йўсин Худо белгилаган пайтда илоҳий режани тасдиқлади.

Шундай қилиб, ҳар ерда эркаклар беғараз ва шубҳа-гумонсиз пок қўлларини кўтариб, ибодат қилишларини истайман.” Азизлар, кўриб турганингиздек, имонли одамнинг ҳаётида ибодат жуда муҳим ўринни эгаллайди. Буни мен эмас, аксинча, Худонинг Муқаддас Каломи айтмоқда. Ибодат ҳақида гапирар эканман, аввалам бор Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаётини эслайман. У ҳам, Ўзининг илоҳийлигига қарамасдан, дойим Осмондаги Отасига ибодат қилиб келган. Қаерда бўлмасин, қай пайт бўлмасин У дойим Худодан куч ва ёрдам сўраган. Агар Исо Масиҳ ҳам, Ўзининг илоҳийлигига қарамасдан ибодатга муҳтож бўлган экан, унда биз инсонларнинг ахволи не кечар? Шунинг учун Раббимиз дойим ибодат қилиб туринглар, сўраб туринглар деб айтган эди.

Азизлар, бугунги ибодатимни кўпроқ ибодат қилишимиз учун бағишламоқчиман. Чунки, хозирги хаёт ташвифлари, унинг тезлиги билан овора бўлиб, кўпчилигимиз Худо билан умуман гаплашмай қўйганимизни гувохи бўлмоқдаман. Бу нарса менга ҳам таълуқлидир. Келинг, қўлларимизни очиб, тирик Раббимизга ибодат қиламиз. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, хеч ҳавотир олманг. Бемалол кетимдан қайтараверинг. Осмондаги Отажон, фарзандинг бўлиш нақадар ажойибдир. Сен бизнинг севувчи Отамизсан. Айнан Сенинг бизга бўлган севгинг бизга Нажот қурбонини берди. Айнан Сенинг бизга бўлган севгинг Нажоткоримиз Исо Масиҳни учинчи куни ўликлар диёридан тирилтирди. Худойим, Сен бизнинг Отамиз экансан, демак биз иложи борича Сен билан кўпроқ сухбатлашишимиз керак.

Бундай сухбатсиз, Сен билан тўлиқ муносабатни тасаввур қилиш хам қийин. Худойим, бизга ибодат қилишни ўргат. Хар бир нарса учун Сенга шукурона айтишни бизга ўргат. Павлус айтганидек, биз хам Сенинг йўлингда обрў-эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, барча инсонлар, подшоҳлар ва ҳукмдорлар учун Сенга илтижо қилайлик, дуолар ўқиб, тоат-ибодатлар қилайлик, шукроналар айтайлик. Худойим, айнан қудратли ва имонга тўла ибодат қилишни ўргат. Сенинг режанга ва ироданга маъқул келадиган ибодат қилишга бизни ўргатгин. Бизнинг эмас, аксинча Сенинг ироданг бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Барча саволларни, dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг. Раббимиз сизни мархаматласин. Омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top