Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бугунги ибодатимни Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўлиш учун бағишламоқчиман. Лекин нима ҳақида гапирятганимни яхшироқ тушуниш учун азиз хаворий Павлуснинг Тимўтийга йўллаган биринчи мактубининг тўртинчи бобидаги баъзи оятларни ўқиб берсам. “Сен бу тўғрида биродарларингга ўгит-насиҳат қилсанг, Исо Масиҳнинг лаёқатли хизматкори бўласан. Имонимизнинг улуғ ақида ва таълимотларини ўзлаштириб, булардан руҳан озиқланиб борасан. Сафсатабоз кампирларга хос диёнатсиз афсоналардан юз ўгир. Художўйлик йўлида машқ қил. Жисмоний машқдан оз фойда бўлади. Художўйликдан эса жуда катта фойда бўлади, чунки унинг эвазига ҳозирги ҳамда келажак ҳаётда мукофотлар бор.
Бу сўз тўғри ва ҳар жиҳатдан қабул қилинишга лойиқдир. Ана шу мақсадда биз меҳнат қиламиз ва заҳмат чекамиз. Биз бутун инсонларни, айниқса имонлиларни Қутқарувчи барҳаёт Худога умид боғлаганмиз. Бу ўгитларни таъкидлаб ўргатгин. Сен сўзда, юриш-туришда, муҳаббатда, имонда, пок руҳда имонлиларга ўрнак бўл. Ўзингга ва таълимотингга эҳтиёт бўл, фаолиятингни астойдил давом эттир. Бу билан ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан.” Азизлар, кўриб турганингиздек, хаворий Павлус Исо Масиҳнинг ҳизматкори қандай бўлиши кераклигини яхши тушунган. Павлус Раббимизга хизмат қилар экан, анча қийинчиликларга, азобларга ва қувғинларга дуч келган. Лекин шунга қарамасдан, у Исо Масихнинг лаёқатли хизматкори бўлиб Унга содиқ қолди.
Азизлар, агар биз хам, худди Павел каби хаётимизни бутунлай Раббимизга топширсак, биз хам, худди шундай лаёқатли хизматкорга айланишимиз мумкин. Келинг, қўлимизни очиб, тирик ва ҳаётбахш Раббимизга ибодат қиламиз. Бордию, ибодат қилишни билмасангиз, хеч хижолат бўлманг, истасангиз, кетимдан қайтараверинг. Осмондаги Отажон, нажот бериб бизни фарзандим деб атаганинг нақадар ажойибдир. Худойим, Сен бизни бекорга танлаб олмагансан. Бизга нисбатан, маълум бир режанг борлиги учун бизни алохида танлаб олгансан. Худойим, бизни ҳам хизматинга таёр қилгин. Биз хам бутунлай Муқаддас Рухинга таяниб хизматимизни олиб борайлик. Бизга қандай инъом берган бўлсанг, шуларни ишга солиб, хизмат қилишга астойдил харакат қилайлик. Мусобақада югуришга ўхшаб, жон куйдириб Сен томон чопайлик.
Худойим, бизни лаёқатли хизматкоринг қилиб тарбиялагин. Биз хам Павлус айтганидек, сўзда, юриш туришимизда, мухаббатда, имонда, пок рухда имонликларга ўрнак бўлайлик. Биз хам художўйлик йўлида дойим машқ қилайлик. Худойим, биз ўзимизга эмас, аксинча Сенга хизмат қиламиз. Шунинг учун фақат Сенинг иродангни биринчи ўринга қўйиб харакат қилайлик. Худойим, Сенинг севги шохлигингни мамлакатимизда ёйиш учун бизни ишлат. Қулоғи бор киши кўзи бор киши Сенинг Нажотинг ҳақида эшитсин. Худойим, Исо Масихнинг лаёқатли хизматкори қилиб бизни тарбиялагин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию саволларингиз бўлса, бизга бу хақда, dilkash@najot.com электрон манзилига хабар йўлланг, ёки www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Хайир, омон бўлинг.