3:25

Аҳли нур бўлиб яшамоқ

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, ҳақиқий Масиҳий қандай ҳаёт кечириши кераклигини биласизми? Албатта, ҳаётини Раббимиз Масиҳга топширган имонли аҳли нур бўлиб яшаши керак. Чунки, айнан шундай ҳаёт орқали, биз Раббимиз ҳақида гувоҳлик берамиз. Одамлар бундай ҳаётни кўриб Худога шукуроналар айтишади. Худонинг тирик Каломи айнан шундай ҳаёт кечиришга бизни чорлайди. Энди савол туғилади, аҳли нур бўлиб яшашнинг ўзи нима? Аҳли нур бўлиб яшаш учун нима қилмоқ лозим? Ушбу саволга жавоб олиш учун, Худонинг Каломига назар ташлайлик. Эфесликларга йўлланган мактубнинг бешинчи бобида қуйидаги оятлар битилган.

Шундай қилиб, қандай яшаётганингизга ўзингиз диққат қилиб қаранглар. Нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиринглар. Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган кунлар – ёмон кунлар. Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббингизнинг иродаси қандай эканини англаб олинглар. Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб-тошинглар. Шу мақсадда Забур хониши, руҳий мадҳиялар ва қўшиқлар билан бир-бирингизга насиҳат қилинглар, чин юракдан Раббингизни куйлаб, ҳамду санолар ўқинглар. Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукур қилинглар. Масиҳни ҳурматлаб, бир-бирингизга бўйсунинглар.

Азизлар, тушуниб етган бўлсангиз, бугунги ибодатимни айнан аҳли нур бўлиб яшаш мавзусига қаратмоқчиман. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Чунки, бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Бордию ибодат қилишни билмасангиз ҳеч ҳижолат бўлманг, Раббимизнинг илк шогирдлари ҳам бошида ибодат қилишни билишмаган. Ҳар бир ибодатда, сўзларнинг гўзаллиги эмас, аксинча, ибодатдаги имон муҳимдир. Осмондаги Отажон, берган янги ҳаётинг учун миннатдорман. Ушбу янги ҳаёт Сенга жуда қимматга тушди. Айнан Раббимиз Исо хочга бориб биз учун ўлди. Айнан бизни Сен тирик Худо билан яраштириш мақсадида азоб чекиб учинчи куни тирилди. Худойим, нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиришни бизга ўргат. Фурсатни ғанимат деб билайлик, чунки биз яшаб турган кунлар ёмон ва ёвуз кунлардир. Худойим, бизни беақл бўлишдан ўзинг асрагин. Бунинг ўрнига Раббимизнинг иродаси қандай эканини англаб олайлик.

Худойим, шароб ичишдан бизни узоқлаштир. Ҳар қандай мастлик бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб тошинглар. Ҳар дойим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Сен Отамиз Худога шукур қилайлик. Худойим, Масиҳни ҳурматлаб, бир биримизга бўйсунайлик. Сенинг муқаддас Номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бирга ибодат қилиш дойим яҳши. Бордию сизда ҳам шаҳсий ибодат эҳтиёжлари бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун бирга ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Сайтнинг форумида бошқа имонли ака-ука ва опа-сингиллар билан суҳбат олиб бориш имконига эгасиз. Тирик Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин. Яна эфир орқали учрашгунча ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top