Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, мана сиз энди ҳаётингизни Худонинг Масиҳига топширдингиз. Бу жуда яҳши. Чунки сиз энди бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг муқаддас Шоҳлигига тегишлисиз. Сизни Худо жуда қиммат баҳога сотиб олди. Сизни Ўз фарзандидек қабул қилди. Ҳаётимиз энди бошқа. Энди ҳаммаси биз учун бошқадир. Янги ҳаётда янгича яшаш керак. Келинг, Худонинг тирик Каломи бу ҳақда нима дейишини кўриб чиқсак. 1Бутрус 5чи бобда қуйидаги яшаш маслаҳатлари берилган.
Эй ёшлар, сизлар ҳам оқсоқолларга итоат қилинглар. Ҳаммангиз бир-бирингизга юмшоқ муомалада бўлинглар. Чунки «Худо мағрурларга қарши, аммо камтарларга иноятлидир». Шундай қилиб, ўз вақтида бизларни юксалтирсин деб, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар.
Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади. Ҳушёр ва бедор бўлинглар. Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун излаб, шердай бўкириб кезиб юрибди. Дунёнинг ҳар ёғидаги биродарларингиз худди шундай азобларга дучор бўлаётганларини билиб, мустаҳкам имон билан иблисга қарши туринглар. Худо ҳар хил меҳру иноятнинг манбаидир. Исо Масиҳ орқали У бизни Ўзининг абадий, улуғвор жаннатига даъват этган. Қисқа бир муддат азоб чекканингиздан кейин, Ўзи сизларни мақсадингизга эриштиради, куч-қудратли, саботли ва мустаҳкам қилиб қўяди. Шон-шуҳрат ва салтанат абадулабад Уникидир. Омин. Азизлар, тушунган бўсангиз, бугунги ибодатни айнан янги ҳаётдаги ўзгаришлар учун бағишлашни мақсад қилдим.
Ҳозир ибодат учун қўлларимни очаман, истасангиз, менинг ибодатимга шерик бўлинг. Кўпчиликнинг бирга қилган ибодати катта куч қудратга эга. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, сира ҳижолат бўлманг, бемалол кетимдан қайтараверинг. Азиз Парвардигорим, берган нажотинг учун миннатдормиз. Сенинг буюк нажот режанг амалга ошди. Энди ҳаётимиз умуман бошқа тарзда кетяпти. Илгариги эски ҳаётимизни Масиҳ билан биргаликда хочга миҳлаб қўйдик. Худойим, янги ҳаётда янгича яшашни Ўзинг бизга ўргат. Оқсоқолларга итоат қилишни ўргат. Бир биримизга юмшоқ муомалада бўлишни ўргат. Худойим, бизда қандай ғам бўлмасин, барчасини қабул айлагин. Барча муаммо ташвишларимизни Сенинг қўлларинга топширамиз. Худойим, Сен ғамхўр Худосан. Сен нафақат бизга нажот бердинг, балки барча қоронғу кунларимизни ҳам ёруғ қилишни ваъда қилдинг.
Худойим, янги ҳаётга эга бўлибмиз, бу ажоибдир. Худойим, энди бизга ушбу янги ҳаётда янгича яшашни Ўзинг ўргатгин. Аҳир Сен ҳар хил меҳру иноятнинг манбасисан. Исо Масиҳ орқали Сен Ўзингнинг абадий, улуғвор жаннатинга даъват этдинг. Худойим, бизни куч қудратли, саботли ва мустаҳкам қилиб қўйгин. Сен бизга барча ҳаёт сирларининг калитини Масиҳда намоён қилдинг. Шон шуҳрат ва салтанат абадулабад Сеникидир. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.