3:13

Павлуснинг махбуслиги – Инжилнинг муваффақияти

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, сиз Масиҳий экансиз, демак Масиҳнинг номи учун қийинчиликлар, азоб укубатлар ва қувғинлар келиши муқаррардир. Чунки биздан ҳам илгари олам Масиҳдан нафратланган эди. Чунки Масиҳ келиб дунё ёвузликларини ва ноҳақликларини фош қилган эди. Шунинг учун, бизнинг бошимизга шулар келиши табиий холдир. Лекин нима бўлмасин, Масиҳ хушхабари ёйилиши керак. Чунки биз қўрқадиган жойимиз йўқ. Чунки бу дунё учун биз аллақачон ўлиб бўлганмиз. Биз бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг муқаддас Шоҳлигига тегишлимиз. Келинг, Павлуснинг маҳбус бўлганлигида нақадар баҳтли бўлганини кўриб чиқсак. Филиппиликларга 1чи бобда қуйидаги оятлар битилган.

Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, менинг бошимга тушган шароитлар Инжил Хушхабари янада кўпроқ муваффақият қозонишига хизмат қилди. Мана, менинг Масиҳ учун қамалганлигим бутун сарой аҳлига ва қолган ҳамма одамларга ҳам маълум бўлди. Шунингдек, Раббимиз Исога қарашли бўлган биродарларимизнинг кўпчилик қисми ҳам менинг кишанбандлигимдан руҳланиб, Раббимиз каломини янада ботирлик билан тарғиб қила бошладилар. Тўғри, баъзилар ҳасад ва рақобат руҳи билан Масиҳни тарғиб қиляптилар, бошқалар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар. Баъзилар мен Хушхабарни ҳимоя қилиш учун тайин этилганимни тан олиб, муҳаббат билан ҳаракат қиляптилар. Бошқалар эса менинг кишандаги қийинчилигимни орттиришни ўйлаб, рақобат руҳида, нопок ният билан Масиҳни тарғиб қилмоқдалар. Хўш унда нима бўпти?

Хоҳ мунофиқлик билан, хоҳ самимийлик билан бўлсин, ҳар ҳолда Масиҳ тарғиб этилмоқда. Мен бунга севиняпман. Ва яна севинаман, чунки биламанки, сизнинг дуоларингиз орқали ва Исо Масиҳнинг Руҳи ёрдамида мен озодликка чиқаман.

Азизлар, ибодатимни айнан келиши муқаррар бўлган азоб ва маҳбусликларга бағишламоқчиман. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги азиз Отажоним, бизга берган нажотинг учун номинг улуғлансин. Худойим, бошимизга қандай шароит тушмасин, Инжил Хушхабари янада кўпроқ муваффақият қозонишига хизмат қилсин. Масиҳ учун қандай азобларга дуч келмайлик, бари Сенинг Муқаддас Номинга шон шуҳрат келтирсин. Одамлар бизни Масиҳ номи туфайли қанча ҳақоратламасинлар, гуноҳкорлар каби эмас, аксинча Масиҳ каби мулойим бўлишга ёрдам бер. Бизни қувғин қилганларга дуолар ўқишни бизга ўргат. Масиҳ Унга қарши чиққан ва азоблаган одамларни қандай севган бўлса, бизга ҳам худди шундай севги билан одамларни севишни ўргат. Чунки биз бу дунё учун аллақачон ўлиб бўлганмиз, биз ўлимдан ҳаётга қайтганмиз. Қўлимиздан келадиган ягона иш, Сенинг Хушхабарингни тарқатиш бўлсин. Ҳеч бир қувғин, ҳеч бир азоб, ҳеч бир қийинчилик Сенинг севгинг ҳақида гапиришимизга тўсқинлик қилмасин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top