Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Исо Масихга ҳаётини топшириб унга эргашганларнинг барчаси Униг шогирдларидир. Улар юрак йўлида Исо Масихнинг йўлини излаб, Уни дойим кўпроқ билишга, кундан кунга билимини оширишга харакат қилиб яшашади. Сизга хавола этмоқчи бўлган Калом дарси асосан Исо Масихга эргашиб, Унга хаётини бағишлаган, ва Худо хақиқатини излашга жон куйдирадиган ака-ука ва опа-сингилларга бағишлангандир.
Искандар ва Руфнинг отаси, киринеялик Симун исмли бир киши даладан келиб ўтиб кетаётган эди. Бу кишини Исонинг хочини кўтариб боришга мажбур қилишди.
Ниҳоят Исони «Бошсуяги» маъносини берувчи Гўлгота деган жойга олиб келишди. Унга мирра аралаштирилган шароб беришди, лекин У ичмади.
Бундан сўнг Исони хочга михлаб қўйишди. Унинг кийимларини эса ўзаро бўлишиб, ким нима олади деб қуръа ташлашди. Уни хочга михлаганларида соат тўққиз эди. Боши устида «Яҳудийларнинг Подшоҳи» деб Унинг айбини кўрсатадиган ёзув бор эди. Исо билан бирга икки қароқчини ҳам – бирини Унинг ўнг томонига, иккинчисини эса чап томонига хочга михлаб қўйдилар. Шундай қилиб, «У жиноятчилар қаторида турди», деган оят бажо бўлди. Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаганча Исони ҳақоратлашарди: – Ҳей маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган! Ўзингни Ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр-чи! Олий руҳонийлар ва уламолар ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди. Улар бир-бирига:
– Бошқаларни қутқарди, Ўзини эса қутқара олмайди! Исроилнинг Подшоси Масиҳ эндиликда хочдан тушсин, токи биз кўриб Унга ишонайлик! – дейишарди.
Исо билан бирга хочга михланганлар ҳам Уни сўкар эдилар. Туш чоғи бутун ерни қоронғилик қоплаб, соат учгача давом этди. Соат учда Исо баланд овоз билан:
– Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? – деб фарёд қилди. Бу сўзнинг таржимаси: «Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?» – демакдир. У ерда турган баъзилар буни эшитиб: –Қаранг, У Илёс пайғамбарни чақиряпти-ку, – дейишди. Шунда биров югуриб бориб, шимгични сиркага ботириб, қамишнинг учига илиб қўйди-да, Исога ичирмоқчи бўлди. У: – Тўхтанглар, кўрайлик-чи, Илёс келиб хочдан туширармикан, – деди. Аммо Исо қаттиқ фарёд қилдию жон берди. Маъбаддаги парда юқоридан пастгача йиртилиб, иккига бўлиниб кетди. Исонинг қаршисида турган юзбоши Унинг шундай қаттиқ фарёд қилиб жон берганини кўриб:
– Ҳақиқатан ҳам бу Одам Худонинг Ўғли экан! – деди.
У ерда узоқдан қараб турган аёллар бор эди. Улар орасида магдалалик Марям, кичик Ёқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Саломия бор эдилар. Исо Жалилада эканлигида, улар Унга хизмат қилиб эргашиб келган эдилар. У ерда Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа кўп аёллар ҳам бор эди. Азизлар, бугунги Калом дарси устида фикр юритишингиз учун баъзи саволлар жавоб излаб кўрасиз деган умиддаман. Саволлар қуйидагича: Исони хочга михланган жойи қандай тасодифга эга эди? Исонинг уч кунда бинони қайта тиклайман деган ибораси нимани англатган эди? Худо нима учун Исони ташлаб қўйгани ҳақида ўйлаб кўринг? Етти юз йил олдин Масиҳнинг ўлими пайғамбар орқали башорат қилган эди. Исонинг ўлими ушбу башоратга қандай тарзда амалга оширди? Жавобларни dilkash@najot.com манзилига йўлланг ёки www.najot.com сайтида ҳабар қолдиринг. Ҳайр, омон бўлинг.